
Миланинг «Интер» клуби раҳбари Жузеппе Маротта Антонио Контенинг А Сериядаги кучлар нисбатига доир кескин фикрларига жавоб қайтарди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
«Наполи» бош мураббийи Конте «Интер», «Ювентус» ва «Милан» имкониятлар борасида Италиядаги қолган жамоалардан анча устун туришини таъкидлаганди.
Мароттанинг айтишича, Контенинг баёноти уни қизиқтириб қўйган, бироқ Рождество арафасида у баҳсга киришмоқчи эмас. «Антонио — зўр мураббий ва моҳир коммуникатор. У босимни камайтириш ва эътиборни ўз жамоасидан чалғитишни жуда яхши билади», — деди «Интер» раҳбари DAZN билан суҳбатда.
Шу билан бирга, Маротта А Серияда асосий фаворит сифатида айнан «Наполи»ни кўраётганини таъкидлади: улар амалдаги чемпион, таркибни сақлаб қолди ва жиддий трансферлар қилди. Бундан ташқари, жамоада барқарорлик бор — мураббий иккинчи мавсумдан бери ишлаяпти.
«Интер» ҳақида гапирар экан, Маротта клуб моделни ўзгартириб, ёш футболчиларга сармоя киритганини айтди ва барибир чемпионат охиригача курашишларини қўшимча қилди.
Якшанба куни «Интер» «Аталанта»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди ва А Серия турнир жадвалида пешқадамга айланди. Миланликлар «Милан»дан 1 очко, «Наполи»дан эса 2 очко олдинда бормоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.