date

Manila Standard талқини: Осиёнинг ТОП-5 юлдузи кимлар?

Manila Standard талқини: Осиёнинг ТОП-5 юлдузи кимлар?

2025 йил ҳам “пахтадек” учиб ўтди, энди эса турли халқаро нашрлар, тадқиқот марказлари ва статистик компаниялар футболдаги йил сарҳисобини чиқаришга киришди. Шу қаторда нуфузли манбалардан бири — Manila Standard ҳам Осиё қитъасининг энг кучли беш нафар футболчисини саралаб, рейтинг эълон қилди.

Рўйхатда Европанинг катта саҳнасидан тортиб, Осиё аренасида порлаётган тажрибали юлдузларгача бор. Энг муҳими — бу ТОП-5да ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов ҳам қайд этилди.

Абдуқодир Ҳусанов (“Манчестер Сити”)

Англиянинг энг қудратли клубларидан бири — “Манчестер Сити” бир йил аввал 40 миллион евро сарфлаб, ёш ўзбек ҳимоячисини ўз сафига қўшиб олган эди. Пеп Гвардиола қўл остида Ҳусановнинг ўсиши тезлашди: тезлик, жисмоний барқарорлик, ўйинни “олдиндан ўқиш”, курашувчанлик — бу унинг энг катта қуроллари.

Қолаверса, Абдуқодир фақат марказда эмас, ўнг қанотда ҳам самарали ҳаракат қила оладиган универсал ҳимоячи. Бу эса ҳозирги футболда “олтин билет” дегани.

Жорий мавсумда у жароҳат туфайли бир қатор ўйинларни ўтказиб юборган бўлса-да, “шаҳарликлар” уни келажак лойиҳасининг муҳим бўғини сифатида кўришда давом этмоқда. Қишки трансферлар ойнаси олдидан эса 21 ёшли ҳимоячига “Ливерпуль”, марказий ҳимоячи қидираётган “Реал”, Францияда юқорига кўтарилган “Ланс” ҳамда тикланишга интилган “Ницца” томонидан қизиқиш бўлгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди.

Каору Митома (“Брайтон энд Хоув Альбион”)

Осиёдан Англияга “ўрнашиб олган” юлдузлардан яна бири — япониялик Каору Митома. У “Брайтон”да жамоани етаклайдиган асосий фигурага айланиб улгурди ва АПЛдаги энг хавфли вингерлар қаторида қолмоқда.

У ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини юқори даражада ўтказиб, чемпионатни 10 гол ва 4 ассист билан якунлади. Янги мавсумда ҳам гол+ассист билан бошлаган 28 ёшли Митома кузда оғир жароҳат олди ва ҳали ҳам тикланиш жараёнидан ўтмоқда. Бироқ унинг услуби аниқ: қайтса — яна чап қанотда “портлаш” бўлади.

Ли Кан Ин (“Пари Сен-Жермен”)

Жанубий кореялик Ли Кан Ин 2025 йилнинг биринчи ярмида Европанинг энг нуфузли мусобақаси — Чемпионлар лигасида ғолиб бўлган жамоа сафида бўлди. Устидан-устак, Франциядаги миллий совринлар ҳам қўлга киритилди.

“ПСЖ”да рақобат қаттиқ, шунинг учун Ли Кан Ин ҳар доим стартда тушмаслиги мумкин. Аммо у захирадан кирса ҳам ўйинни ўзгартириб юборишга қодир эканини тез-тез исботлаб келяпти. Ўтган мавсумда у Лига 1да жамоанинг 12та голига бевосита ҳисса қўшган. УЕФА Суперкубоги финалида урган чиройли голи эса парижликларга “Тоттенхэм”га қарши ҳал қилувчи бурилиш қилишга ёрдам берган.

Салим Ад-Давсари (“Ал-Ҳилол”)

Фақат Европада эмас, Осиёнинг ўзида ҳам “ўчмайдиган моторлар” бор. Саудия футболи афсонаси Салим Ад-Давсари 34 ёшида ҳам натижа чиқаришда давом этмоқда.

Ўтган мавсумда у барча мусобақаларда 27 гол урди ва 18 ассист қайд этди. Жорий чемпионатда эса “Ал-Ҳилол” сафида аллақачон 8та самарали ҳаракат муаллифига айланди. Осиё Чемпионлар лигасининг ўтган мавсумида 10 гол билан тўпурарликни ҳам қўлга киритган. Октябрда эса ОФК уни 2025 йилнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этди.

Сон Хён Мин (“Тоттенхэм Хотспур” / “Лос-Анжелес”)

Ҳарри Кейн кетганидан кейин “Тоттенхэм”ни елкасида кўтарган сардор — Сон Хён Мин 2025 йилнинг биринчи ярмида ҳам АПЛда ўйнади ва жамоага Европа лигаси йўлланмасини “сўндирмай” олиб берди.

Ёзда шартномаси тугагач, кореялик юлдуз янги қадам ташлади ва АҚШнинг “Лос-Анжелес” клубига кўчиб ўтди. Энг қизиғи: у ерда ҳам даражасини туширгани йўқ. Сон “Лос-Анжелес”даги дастлабки 13 ўйинда 12 гол урди ва 4 ассист берди. Яъни, қаерга бормасин — голлар “у билан бирга кўчиб юради”.

Хулоса

Манила нашри тузган бу рейтинг бир нарсани очиқ кўрсатяпти: Осиё футболи энди фақат “истеъдодлар манбаи” эмас, балки катта майдонда натижа бераётган тайёр юлдузлар континентига айланяпти. Ҳусанов, Митома, Ли Кан Ин, Ад-Давсари, Сон — бу исмлар 2026 йилда ҳам кўп сарлавҳаларда чиқиши аниқ.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Manila Standard талқини: Осиёнинг ТОП-5 юлдузи кимлар?