date

«Челси» Янги йил куни Мареска билан хайрлашиб катта хато қилди

«Челси» Янги йил куни Мареска билан хайрлашиб катта хато қилди

Энсо Мареска 1-январ куни «Челси» бош мураббийлигидан бўшатилди. Бу Премьер-лига тарихида мураббий Янги йил кечасида лавозимидан кетган илк ҳолат сифатида қайд этилди. Бир ярим йилда икки соврин, ўтган мавсумдаги тўртинчи ўрин, лигада энг ёш таркиб — барибир якун. Сабаб оддий: «Челси»да фақат ютиш етмайди, клуб ички қоидаларига ҳам бўйсуниш керак. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.

Асл ҳукм декабрда ўқилди: АПЛдаги 7 турда атиги 1 ғалаба, «Арсенал»дан 15 очколик ортда қолиш ва «Борнмут» билан дурангдан кейин «Стемфорд Бриж»даги ҳуштаклар. Мареска ўйиндан кейинги матбуот анжуманига чиқмади: расмий талқинда бетоб, норасмий гап-сўзларга кўра эса вазият нимага кетаётганини аллақачон тушунган. Ундан аввал айтилган ибора Англияда узоқ эсланади: «Клубга келганимдан бери сўнгги 48 соат энг оғири бўлди. Кўп одамлар на мени, на жамоани қўллади». Бу ерда гап мухлислар ҳақида эмаслиги ҳам таъкидланади.

Мареска 2024-йил ёзида «Лестер» билан Чемпионшипда чемпион бўлиб келганди. Италиялик мутахассис жамоа қуришга уриниб, натижа ҳам берди: Конференциялар лигаси ва Клублар ўртасидаги ЖЧда совринлар, финалда «ПСЖ» устидан 3:0 ҳисобидаги йирик ғалаба. Жорий мавсумда «Ливерпул», «Тоттенҳем» ва «Барселона» ҳам енгилди. Умумий ҳисобда 92 ўйинда 55 ғалаба.

Муаммо мағлубиятлар кетма-кетлигида эмас, мураббий раҳбарият учун “қулай” бўлишдан тўхтаган пайтда бошланди.

Муваффақиятлардан кейин Мареска клуб ичида кўпроқ таъсир кутди: режа бажарилди — сўз айтиш ҳуқуқи ҳам бўлиши керак, деган мантиқ. У Ливай Колуилл жароҳатидан сўнг тажрибали марказий ҳимоячи олиб келинмаганини очиқ танқид қилди. Мураббий Клублар ўртасидаги ЖЧдаги ғалаба ҳақида китоб чиқаришни истади, раҳбарият эса бунга қарши бўлди. Шунингдек, Festivo dello Sport тадбирида клуб билан келишмасдан қатнашгани ҳам эътирозларга сабаб бўлди.

Кузда Мареска Жорже Мендес агентлигига ўтди. Шундан кейин журналистлар хабарига кўра, у октябр охири ва декабр ўрталаридан икки бор «Челси»ни «Манчестер Сити» вакиллари билан мулоқотлар борлигидан хабардор қилган. Клуб учун бу жиддий огоҳлантирувчи белги бўлиб кўринди.

Мареска «Челси»даги сўнгги тўрт йилда алмашган олтинчи мураббий бўлди. Томас Тухел характерлар тўқнашуви фонида кетди. Грем Поттер босимга чидам олмади. Маурисио Почеттино билан эса ўзаро келишув асосида хайрлашишди — у трансферларга таъсир қилишни хоҳлаган. Энди навбат Марескага келди. ESPN маълумотига кўра, клуб раҳбарларини унинг тобора кўпроқ омма олдида раҳбариятга қўшилмай гапираётгани хавотирга солган, ҳатто бу ҳолат мураббийнинг ўз штаби учун ҳам кутилмаган бўлган.

Инсайдер Бен Жейкобснинг ёзишича, Маресканинг кетиши бўйича режа 31-декабр оқшомидаёқ клуб ва унинг агенти иштирокида ишлаб чиқила бошлаган. Раҳбарият бир овоздан ўзгариш зарур деган қарорга келган. talkSPORT маълумотига кўра, италиялик мутахассис жараён тезроқ якунланиши учун компенсациядан ҳам воз кечган. Томонларнинг барчаси ажралишни имкони қадар тезлаштиришдан манфаатдор бўлган.

«Челси»нинг навбатдаги ўйини якшанба куни «Манчестер Сити»га қарши. Янги мураббий тайинлангунча жамоани 21 ёшгача бўлганлар мураббийи Калум Макфарлейн вақтинча бошқаради. Фабрицио Романога кўра, доимий лавозим учун асосий номзод — «Страсбур»дан Лиам Розенйор. Бу “қулай” вариант: франсуз клуби ҳам «Челси» билан бир эгалар қўлида. Яъни амалда тизим ичидаги кўтарилиш.

Мареска эса, эҳтимол, ёзгача кутади. Жейкобснинг маълумотига кўра, у Пеп Гвардиола кетадиган бўлса, «Манчестер Сити»ни бошқариш имкониятини кўзлаяпти. Романо ҳам Энсо «шаҳарликлар»нинг short-listида борлигини тасдиқлайди, аммо якуний қарор йўқ.

«Мураббий, ҳаммаси учун раҳмат», — деб ёзди ярим ҳимоячи Энсо Фернандес ижтимоий тармоқларда.

Ҳимоячи Марк Кукуреля ишонч ва хотиралар учун миннатдорлик билдирди. Бироқ «Челси»нинг собиқ вингери Пет Невин кескинроқ фикр билдирди:

«Уларга қўғирчоқ керак. Тепадан нима дейишса, айнан шуни қиладиган одам. Агар шундай киши керак бўлса, шунисининг ўзини қидирсин. Улар осон бошқариладиган, ёшроқ мураббийни олиб келади».

Мареска мағлубиятлар учун эмас, «Челси»да ғалаба ҳам етарли бўлмагани учун кетди. Бу ерда мураббий тўлиқ бош бўладиган тизим йўқ: ҳокимият соврин олиб келганларда эмас, уларни молиялаштирганларда. Натижа сўз ҳуқуқини бермайди, фақат шартномадаги бандларни янгилайди.

«Челси» Мареска кетганини 2026-йилнинг илк кунида расман эълон қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » «Челси» Янги йил куни Мареска билан хайрлашиб катта хато қилди