date

Жароҳатлар тўлқинида Ҳусанов учун асосий таркиб имкони очилди

Жароҳатлар тўлқинида Ҳусанов учун асосий таркиб имкони очилди

“Манчестер Сити” мавсумнинг энг қизғин, энг босимли палласида яна бир бор жароҳатлар “тўлқини”га дуч келди. Турли сабабларга кўра асосий таркибдаги тўққиз нафар футболчи айни пайтда жамоага ёрдам бера олмаяпти. Бундай вазиятда ҳар бир алмашинув, ҳар бир қарор Гвардиола учун ҳам, мухлислар учун ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Энг катта йўқотиш, табиийки, ҳимоя чизиғида сезилди. “Челси”га қарши учрашувнинг иккинчи бўлимида марказда мунтазам ўйнаб келаётган Йошко Гвардиол ҳам, Рубен Диаш ҳам жароҳат сабаб захирага олинди. Шу билан “Сити”нинг мувозанатли ҳимоясида жиддий бўшлиқ пайдо бўлди.

Энди эса энг асосий савол битта: Хосеп Гвардиола бу мушкул ҳолатдан қандай чиқади?

Нуфузли манбалардан бири ҳисобланган esteemedkompany.com портали экспертлари айнан шу нуқтага эътибор қаратди ва вазиятга ечим сифатида бир фикрни олдинга сурди: Абдуқодир Ҳусановга ишониш вақти келди.

Экспертлар таъкидича, Гвардиола одатда ишониб келган марказий ҳимоячилари — Рубен Диаш, Йошко Гвардиол ва Жон Стоунздаги муаммолардан кейин жамоа айнан марказда кадр танқислигини бошдан кечирмоқда. Айни пайтда эса жисмоний ҳолати яхши бўлган вариантлар ҳам кўп эмас: Натан Аке ва Абдуқодир Ҳусанов. Шу боис Пеп мудофаа марказини айнан шу иккита футболчига топшириши эҳтимоли катта.

Ҳусанов ҳақида гап кетганда, уни “Сити”нинг энг истиқболли ҳимоячиларидан бири” дея баҳолашяпти. Энг қизиғи, жамоа унга энг кўп муҳтож бўлган паллада у ўзини кўрсатиш учун табиий имконият олмоқда. Бундай пайтда “ёш”, “тажрибасиз” деган баҳоналар камроқ ишлайди — майдонда ким тайёр, ким жавоб бера олади, ўша ўйнайди.

“Челси”га қарши ўйин бу нуқтаи назарни кучайтирди. 21 ёшли ўзбек легионери 51-дақиқада Гвардиол ўрнига майдонга тушди. Сабаби оддий: хорватиялик ҳимоячи жароҳат олиб, баҳсни давом эттира олмади. Ҳусанов эса ўйинга қўшилиб, ўзини босим остида йўқотмади.

У “Челси” ҳужумчиси Лиам Делапнинг тезлиги ва жисмоний кучи билан боғлиқ хавфларни тўғри ўқий олди, қарши курашда қаттиқ турди, яккакурашларда фаол қатнашди. Агар “Этихад”да ўтган баҳсда Энсо Фернандес 94-дақиқада ҳисобни тенглаштирмаганида, Ҳусановнинг меҳнати “Сити” ғалабаси учун ҳал қилувчи омил бўлиб қолиши ҳам мумкин эди.

Шу мавсум Ҳусанов “Манчестер Сити” сафида бор-йўғи 10 та учрашув ўтказди, шулардан 6 таси Премьер-лига доирасида. Сентябрь ойида “Арсенал”га қарши 1:1 бўлиб якунланган баҳсда олган жароҳати уни маълум муддат майдондан узоқлаштиргани ҳам бор гап.

Албатта, у ҳали тўлиқ “сайқалланган” ҳимоячи эмас. Айрим вазиятларда яккакурашларга ҳаддан ташқари таваккал билан кириб кетиши ҳам кузатилади. У ҳозирча Гвардиол даражасида эмас — буни яшириш шарт эмас. Лекин мураккаб жиҳати шундаки: бу “камчилик” ҳам ўсиш билан тўғри йўналишга тушади. “Челси”га қарши ўйиндаги баъзи эпизодлар айнан шу тараққиётни кўрсатди.

Ҳозир эса “Сити”да танлаш имконияти ҳам чекланган. Марказий ҳимоячи позициясида вариантлар қисқарган пайтда Пеп Гвардиолага Ҳусановни кўпроқ майдонга тушириш ва унинг потенциалидан тўлиқроқ фойдаланиш вақти келгани айтилмоқда.

Ҳа, Диаш ва Гвардиолнинг йўқотилиши жамоа учун оғир зарба. Бироқ футболда шундай қоида бор: бировнинг йўқлиги бошқа бировнинг имкониятига айланади. Айнан шу жароҳатлар Ҳусановга асосий таркибда мустаҳкам ўрин топиш эшигини очиб бериши мумкин.

Кучи, тезлиги, иштиёқи ва тўп учун охиригача курашиши билан Ҳусанов “Сити”нинг ўйин тизимида иш бериши мумкин бўлган марказий ҳимоячи сифатида кўриниб келган. Энди унга ўзини исботлаш, оғир дамларда жамоага елка тутиш ва масъулият ортиши билан футболчи сифатида каттароқ қадам ташлаш имконияти берилиши керак.

Қисқаси, вазият қийин. Лекин айнан қийин вазият катта футболчини ҳам, катта характерни ҳам тезроқ кўрсатади. Ҳусанов учун “мен тайёрман” дейишга мана шу пайтдан яхши вақт бўлмайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Жароҳатлар тўлқинида Ҳусанов учун асосий таркиб имкони очилди