date

“Челси”нинг янги бош мураббийи жамоани қандай бошқаришини айтди

“Челси”нинг янги бош мураббийи жамоани қандай бошқаришини айтди

1 январ куни Энцо Марескани лавозимидан озод қилган “Челси” раҳбарияти бош мураббийлик ваколатини англиялик мутахассис Лиам Росеньорга топширганини расман эълон қилди. Лондон клуби янги устоз билан 2032 йил ёзигача амал қиладиган узоқ муддатли шартнома имзолади.

Росеньорнинг “Челси”га келиши оддий тайинлов эмас — бу клубнинг навбатдаги катта босқичга қадам қўйиши, деган фикрлар ҳам айтила бошлади. Чунки “аристократлар” учун ҳар бир мавсумда асосий талаб ўзгармайди: юқори натижа, кубоклар ва катта саҳнадаги рақобат.

Янги бош мураббий тайинланганидан сўнг клуб расмий сайтига интервью бериб, ўз фикр-мулоҳазаларини очиқ айтди. Росеньор бу тайинловни ўз фаолиятидаги муҳим бурилиш деб баҳолади ва “Челси”ни “ўзига хос руҳ, бой тарих ва совринларга тўла клуб” сифатида таърифлади.

Унинг сўзларига кўра, асосий вазифа икки йўналишда: клубнинг ўзига хос қадриятлари ва руҳини асраб қолиш, шу билан бирга янги совринлар учун курашни тўхтатмаслик. Росеньор “ҳар бир ўйинда ана шу қадриятлар кўринадиган, майдонда характер кўрсата оладиган жамоа”ни шакллантиришни мақсад қилганини билдирди.

Мутахассис клуб раҳбариятига алоҳида миннатдорлик билдириб, бундай масъулиятли лавозимга ишонч билдирилгани унинг учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Росеньор “клуб муносиб бўлган муваффақият” учун бор имкониятини ишга солишини айтди.

Янги устоз ўз иш услубида жамоавийликка катта урғу берди. У бирлик, жипслик, ўзаро ёрдам ва қўллаб-қувватлашни муваффақиятнинг асосий пойдевори деб билади. Росеньорга кўра, айнан шу муҳит яратилса, майдондаги натижа ҳам ўз-ўзидан кўринади.

Шунингдек, у клубдаги иқтидорли футболчилар ва ходимлар билан ишлашдан хурсанд эканини айтиб, нафақат майдонда, балки майдондан ташқарида ҳам мустаҳкам алоқалар шакллантиришни исташини билдирди. Яъни ҳар бир футболчи ўзини “ягона мақсадга хизмат қилаётган бир бутун жамоа”нинг аъзоси сифатида ҳис қиладиган муҳит — Росеньорнинг асосий режаларидан.

Энди энг қизиғи — бу сўзлар қандай амалий ишларга айланади? Мухлислар “Челси”дан ҳар доим катта талаб қилади, чунки бу клубнинг номи ҳам, тарихи ҳам шунга мос. Росеньор эса ўз баёноти билан шунчаки ваъда бермади — у жамоага янги руҳ, янги тартиб ва янги мақсад олиб киришга тайёр эканини билдириб қўйди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » “Челси”нинг янги бош мураббийи жамоани қандай бошқаришини айтди