Аканжи “Интер”да қолишни истамоқда: қарор ёзда аниқ бўлади

Италия чемпионатида пешқадамликни қўлдан бермаётган “Интер” жамоасининг марказий ҳимоячиси Мануэль Аканжи ўз келажаги ҳақида очиқ фикр билдирди. Швейцариялик футболчи ҳозирча “Манчестер Сити”дан жорий мавсум охиригача ижара асосида олиб келинган бўлиб, Миланда қисқа вақт ичидаёқ жамоанинг энг ишончли ижрочиларидан бирига айланиб улгурди.
Sky Sport журналистлари билан суҳбатда Аканжи вазиятни яширмай, барчаси ҳали олдинда эканини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳозирги пайтда “Интер”да ўзини жуда эркин ва бахтиёр ҳис қилаяпти, жамоадаги муҳит, ишлаш тартиби ва умумий жараёнлар уни тўлиқ қониқтираётгани сезилиб турибди.
“Келажагим қандай бўлади? Агар олдиндан билганимда эди! Мен “Интер”да бахтиёрман, ҳаммаси жуда яхши кетяпти. Ёзга яқин барчаси аниқ бўлади, аммо келаси мавсумда ҳам шу ерда қолишга умид қиламан”, — деди ҳимоячи.
Маълумот ўрнида, Аканжи жорий мавсумда “Интер” сафида 22 та учрашувда майдонга тушиб, ҳимоя чизиғида барқарор ўйини билан кўзга ташланмоқда. Transfermarkt портали экспертлари эса унинг трансфер қийматини 22 миллион евро деб баҳоламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!