«Насаф» Акрам Комиловни сафига қўшиб олди: ҳимоя яна мустаҳкамланди

Қаршининг «Насаф» клуби янги мавсум олдидан трансфер бозоридаги ҳаракатларини янада жадаллаштирди. «Аждарлар» бу сафар тажрибали ҳимоячи Акрам Комилов билан келишувга эришганини расман эълон қилди.
Клуб маълумотига кўра, 29 ёшли футболчи «Насаф» сафида ҳимоя чизиғини кучайтириши, рақобатни ошириши ва жамоанинг барқарорлигига хизмат қилиши кутилмоқда. Комилов Ўзбекистон чемпионатида “пишган” ўйинчилардан: у фаолияти давомида «Бунёдкор», «Пахтакор» ҳамда ОКМК каби жамоаларда тўп суриб, катта тажриба тўплаган.
Маълумот ўрнида, Акрам янги жамоасида 4-рақам остида майдонга тушади. Бу рақам ҳимоячилар учун рамзий ҳам: масъулият катта, иш эса “гўштли” — рақиб ҳужумчиларини тўхтатиш, позицияни йўқотмаслик, жамоани орқадан сақлаш.
Қисқаси, «Насаф» ҳимояга яна бир ишончли деталь қўшди. Энди мухлислар учун энг қизиғи — Комилов Қаршида қай даражада “ўз уйидагидек” ўйнай олади ва «аждарлар»нинг янги мавсумдаги режаларига қанчалик мос тушади.