Хаби Алонсо ва "Реал"нинг келажаги: Бошқарувдаги янги йўналиш...

Хаби Алонсога ўхшаш мураббийни таклиф қилган клубда кейинги қадамлар ҳам аниқ бўлиш керак. Масалан жамоа янги структурага кўникиши учун маълум вақт бериш. Бусиз дастлабки қарорнинг мазмуни йўқолади.
Ҳа, Хаби Алонсо бир нарсани жамоага келгачгина билди - футболчиларнинг кўникиши у ўйлаганидан ҳам қийинроқ бўлиб чиқди. Нормал иш жараёни. Демак, ҳаммаси силлиқ кечмайди, муаммолар бўлади, аммо ҳал қилинади - алгоритм бор. Зиддият пайдо бўлганда мураббийнинг ёнида туриш, футболчиларга «шу мураббийнинг айтгани бўлади, акс ҳолда сизлардан воз кеча оламиз» деган фикрни сингдириш. Бу ўша алгоритмнинг Перес қилиши керак бўлган томони. Акс ҳолда ҳаммаси бузилади. Дастлабки қарор маъносини йўқотади.
Клуб шу ишни қилишни ўрнига аввал томошабин бўлди, кейин эса Алонсога ултиматум қўя бошлади. Шу ўйинни ютмасанг, кетасан, бунисини ютқазсанг кетасан деб. Футболчиларни Алонсога муҳтож қилиш ўрнига Алонсонинг тақдирини футболчиларга топшириб қўйди.
Винисиус хато қилиб, яна мураббийдан кечирим сўрамагани ва бу учун унга ҳеч нарса бўлмагани катта сигнал. Футболчилар бу борада сезгир бўлишади, ишонаверинг.
Алгоритм бузилди. Дастлабки қарорнинг мазмуни йўқолди. Алонсодан Анчелоттиликни талаб қилиш мантиқсизмасми? Унда нега Карло кетди?
Шу ерда ўйлаб қолдим. Ўзи Перес учун дастлабки қарор мазмуни нима эди? Ниҳоят жамоани замонавий структура асосида яшайдиган тизимга айлантиришми? Худди биз тушунгандек?
Балки Перес учун қарорнинг мазмуни бошқадир? Доимгидек. Худди Бекхэм, Азар, Мбаппе билан бўлганидек - дунёда энг ялтираб турган жавоҳирни Мадридга олиб келиш. Буюклик намойиши.
Хаби Алонсо биз учун тизимли, замонавий, янги «Реал»ни қуриши мумкин бўлган мутахассис. Шунга кўра фикрлаймиз, вақт сўраймиз ва ҳоказо...
Перес учун эса Алонсо дунёнинг энг зўр тренери эди, тамом.
@aslanov_futbol каналидан олинди
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!