Бешта гол урилган дербида «Арсенал» "Челси"ни мағлуб этди (видео)

Англия Лига кубоги ярим финал босқичининг иккинчи жуфтида ҳақиқий Лондон дербиси томошабинларга катта кайфият улашди. «Челси» ўз уйи — «Стэмфорд Бриж»да «Арсенал»ни қабул қилди ва 5 та гол урилган жанговор ўйинда афсуски, «кўклар» имкониятни қўлдан бой берди — 2:3.
Учрашув тез суръатда бошланди. «Тўпчилар» 7-дақиқадаёқ Уайтнинг голи билан ҳисобни очиб, мезбонлар режасини эрта бузиб ташлади. «Челси» эса узоқ куттирмай жавоб қайтаришга ҳаракат қилди, аммо танаффусгача мувозанатни тиклай олмади.
Иккинчи бўлимда ўйин янада қизиди. «Арсенал» 49-дақиқада Гокереш орқали устунликни оширди. Бироқ «Челси» таслим бўлмади: Гарначо майдонга тушгач, 57-дақиқада бир гол уриб, жамоасини ўйинга қайта олиб кирди. Аммо «Арсенал» Субимендининг 71-дақиқадаги зарбаси билан яна узоқроқ қадам ташлади.
Шунга қарамай, баҳсда интрига сўнмади. Гарначо 83-дақиқада дубл қайд этиб, ҳисобни 2:3 кўринишига келтирди ва «Стэмфорд Бриж»ни бир лаҳзага портлатди. Лекин охирги дақиқаларда «Челси»нинг босими натижа бермади — меҳмонлар ғалабани ушлаб қолди.
Энди барча эътибор жавоб баҳсига қаратилган: иккинчи ўйин 3 феврал куни «Арсенал» майдонида бўлиб ўтади. «Челси» учун вазифа аниқ — меҳмонда характер кўрсатиш ва финал орзусини сақлаб қолиш.
Эслатиб ўтамиз, ярим финалнинг биринчи жуфтидаги дастлабки ўйинда «Манчестер Сити» 2:0 ҳисобида «Нюкасл» устидан ғалаба қозонган эди.
Англия Лига кубоги. Яримфинал (биринчи ўйин)
Челси — Арсенал 2:3
14 январ, «Стэмфорд Бриж»
Голлар: Гарначо (57, 83) — Уайт (7), Гокереш (49), Субименди (71).
Челси — Санчес, Ачимпонг (Бадиашиле, 53), Чалоба, Фофана (Ҳато, 75), Кукуреля (Адарабиойо, 81), Сантос, Фернандес, Эстевао, Нету, Педро (Мҳеука, 81), Гиу (Гарначо, 53).
Арсенал — Аррисабалага, Габриэл, Салиба, Тимбер, Уайт, Райс (Ҳавертц, 82), Субименди, Эдегор (Мерино, 68), Сака, Троссар (Мартинелли, 68), Гокереш (Жезус, 82).
Огоҳлантиришлар: Эстевао (42), Троссар (42), Кукуреля (44), Бадиашиле (65), Аррисабалага (76), Мерино (78), Нету (90).