Zamin App
Zamin.uz Mobil ilovamizda yangiliklarni qulayroq o'qing!
Yuklab olish
USD: 12136.92   EUR: 14191.70   RUB: 159.99

Гехи трансфери: "Манчестер Сити"да ҳимояни қайта қуриш бошланди...

date views 0 category Спорт

Гехи трансфери: "Манчестер Сити"да ҳимояни қайта қуриш бошланди...

«Манчестер Сити» қишки трансферлар ойнасида жамоа таркибини мустаҳкамлаш йўлида икки муҳим қадам ташлади. Ҳужум чизиғи Англия чемпионатининг энг самарали футболчиларидан бири Антуан Семеньо билан тўлдирилган бўлса, мудофаа марказига Марк Гехи жалб этилди. Айни пайтда эса айнан Гехининг келиши атрофида муҳокамалар жуда қизғин кечмоқда.

Бунга сабаб — сўнгги бир йил ичида «шаҳарликлар» ҳимоя чизиғида юз берган кескин ўзгаришлар. Таҗрибали лидерлар кетди, ёшлар эса ҳали тўлиқ тайёр эмас. Шу боис Гехи трансфери «Сити» учун оддий харид эмас, балки стратегик қарор сифатида баҳоланяпти.

Омади юришмаган бошланиш

2026 йил «Манчестер Сити» учун кутилгандек бошланмади. Хосеп Гвардиола шогирдлари қисқа вақт ичида Премьер-лига, ички кубоклар ва Чемпионлар лигасида жами еттита учрашув ўтказиб, уларнинг фақат иккитасида ғалаба қозонди. Қолган баҳслар эса дуранг ва мағлубиятлар билан якунланди.

Айниқса, Манчестер дербисидаги мағлубият ва Норвегиядаги оғир ютқазиш жамоа учун жиддий сигнал бўлди. Илгари Европа майдонида катта тажрибага эга бўлмаган «Будё-Глимт»нинг «Сити»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этгани футбол оламида ҳақиқий сенсация сифатида қабул қилинди.

Қизиғи, «Будё-Глимт» жойлашган шаҳар аҳолиси сони «Этихад» стадиони сиғимидан ҳам кам. Жамоанинг умумий трансфер қиймати эса Эрлинг Холанднинг баҳосидан тўрт баробар арзон. Бу рақамлар «Сити» учун ўйин сифатидаги муаммолар қанчалик чуқур эканини очиқ кўрсатиб қўйди.

Арзон ва оқилона харид

Марк Гехининг 20 миллион фунтга сотиб олингани ҳозирги бозор шароитида катта ютуқ ҳисобланади. Аслида, «Манчестер Сити» уни ёзда бепул олиши мумкин эди, аммо «Ливерпуль» ва «Бавария» каби грандлар рақобатида устун келиш учун манчестерликлар вақтни чўзмасликни маъқул кўрди.

Бир йил олдин жамоа ёш марказий ҳимоячилар Абдуқодир Ҳусанов ва Витор Рейс учун 60 миллион фунт сарфлаганини ҳисобга олсак, Гехи учун тўланган сумма янада мантиқий кўринади.

Тайёр лидер масаласи

Ҳусанов ва Рейс — келажаги порлоқ иқтидорлар. Аммо Гехи — бугун керак бўлган тайёр етакчи. У «Кристал Пэлас» сардори сифатида жамоасини тарихда илк бор Англия Кубоги ғалабасига олиб чиққан, шунингдек, Англия терма жамоасининг энг барқарор ҳимоячиларидан бирига айланган.

«Сити»нинг асосий муаммоси фақат ҳимояда эмас, балки майдонда лидерлар етишмаслигида. Сўнгги бир йилда Эдерсон, Кайл Уокер, Илкай Гюндоған, Кевин Де Брюйне, Жек Грилиш, Мануэль Аканжи каби тажрибали футболчилар жамоани тарк этди. Гехи эса айнан шу бўшлиқни тўлдириш учун олиб келинган.

Бу трансфер қисқа муддатли «ямоқ» эмас. Жон Стоунзнинг мавсум охирида кетиши кутиляпти, Натан Аке эса клубнинг узоқ муддатли режаларига тўлиқ мос келмай қолди. Шу нуқтаи назардан, Гехи «Сити» ҳимоясининг янги устунига айланиши кутилмоқда.

Ҳусанов ва Гехи янги тандеми

Йошко Гвардиол ва Рубен Диаш жароҳат олганидан кейин Гвардиола Абдуқодир Ҳусановни яна марказга қайтаришга мажбур бўлди. Илк пайтда ёш Макс Аллейн билан тандем умид уйғотган бўлса-да, сўнгги ўйинларда тажриба етишмаслиги яққол сезилди.

Энди эса «Манчестер Сити» ҳимоя марказида янги ва жуда қизиқ дуэт — Абдуқодир Ҳусанов ва Марк Гехи биргаликда ҳаракат қилиши кутилмоқда. Бу тандемнинг илк синовини 24 январь куни «Вулверхэмптон»га қарши баҳсда кўриш мумкин.

Қисқаси, «Сити» ҳимоясида янги саҳифа очиляпти. Бу саҳифа қандай ёзилишини эса майдон кўрсатади, лекин биринчи белгилар шундан далолат беряптики, Гвардиола бу сафар ҳақиқатан ҳам узоқни кўзлаб иш тутган.

Мавзуга оид янгиликлар
Сўнгги янгиликлар
Кўп ўқилганлар
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.