Португалия терма жамоаси учун Криштиану Роналду керакми?

“Ювентус” клуби ва Португалия терма жамоаси вингери Фринсишко Консейсау Криштиану Роналду ҳақидаги саволларга тўхталиб ўтди. Ёш футболчига кўра, Роналду атрофида турли гап-сўзлар, баҳслар бўлиши табиий, аммо жамоа ичида унинг қадрини ҳеч ким инкор қила олмайди.
Консейсау таъкидлашича, ҳар кимнинг ўз қараши, ўз фикри бор. Лекин Роналдунинг терма жамоа учун қилаётган меҳнати, майдондаги таъсири ва энг муҳими — натижа учун жавобгарликни ўз зиммасига ола билиши бебаҳо ҳисобланади.
“Фактларни рад этиб бўлмайди. Унинг терма учун қилган ва қилаётган ишлари ҳаммасига кўриниб турибди. Агар у гол уришни доимий давом эттирса, шубҳасиз, Жаҳон чемпионатида бизга катта ёрдам беради”, — деди 23 ёшли вингер.
Бу гаплар, албатта, терма атрофидаги кайфиятни ҳам кўрсатади: Португалия сафида Роналдунинг ўрни ҳали ҳам муҳим, жамоа эса ундан максимал фойда олишни истайди. Айниқса, катта мусобақада битта вазият ҳам ҳал қилувчи бўлиб кетади — тажриба ва “совуққон” голлар эса қиммат.
Маълумот учун, Португалия терма жамоаси Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан бир гуруҳдан жой олган. Демак, мухлисларимизни яна бир жуда қизиқ тўқнашув ва кучли интрига кутяпти: майдонда Роналду бўладими-йўқми, унинг ҳар бир ҳаракати барибир диққат марказида бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!