Шомуродов "Трабзонспор"га ўтадими? "Башакшеҳир" президенти баёнот берди

"Башакшеҳир" президенти Гўксел Гюмюшдағнинг айтишича, "Trabzonspor" томонидан Элдор Шомуродов бўйича ҳозирча ҳеч қандай расмий мурожаат, учрашув сўрови ёки трансфер таклифи келиб тушмаган. Шунга қарамай, "Trabzonspor" бош мураббийи Фотиҳ Текке ўтган мавсумда 22 та гол урган ҳужумчини жамоасида кўришни истамоқда ва клуб Умут Найирни алмашувга қўшиш вариантини кўриб чиқмоқда.
Туркия Суперлигасининг янги мавсуми олдидан йирик ва амбицияли мақсадларни қўйган "Трабзонспор" клуби трансфер бозоридаги шов-шувлари билан диққат марказида бўлиб турибди.
"Ливерпуль"ни тарк этган 34 ёшли жаҳон юлдузи Муҳаммад Салоҳни Европа, АҚШ ва Саудия Арабистони клубларининг мўмай таклифларига қарамай ўз сафига қўшиб олган трабзонликлар энди эътиборни марказий ҳужумчи позициясига қаратган.
Туркия матбуоти "Трабзонспор" ўтган мавсумда 22 та гол уриб, Суперлига тўпурарига айланган "Истанбул Башакшеҳир" форварди Элдор Шомуродовга жиддий қизиқаётгани ҳақида ёзмоқда.
"Башакшеҳир" президенти расмий таклиф борлигини тан олдими?
Туркиянинг нуфузли 61saat.com портали спорт директори Ҳасан Тюнжел ушбу трансфер миш-мишларига ойдинлик киритиш мақсадида "Башакшеҳир" клуби президенти Гўксел Гюмюшдағ билан учрашиб, вазиятни ўрганди.
Инсайдернинг маълум қилишича, Истанбул клуби раҳбари кутилган баёнотни берган:
"Элдор Шомуродов, албатта, жуда юқори савияли футболчи. Мен бу масала юзасидан 'Башакшеҳир' президенти Гўксел Гюмюшдоғ билан шахсан суҳбатлашдим. Жаноб Гюмюшдоғнинг айтишича, 'Трабзонспор' томонидан Шомуродов бўйича ҳозирча ҳеч қандай расмий мурожаат, учрашув сўрови ёки трансфер таклифи келиб тушмаган", — деди Ҳасан Тюнжел.
Фотиҳ Теккенинг режаси ва 15-20 миллион евролик ценз
Аксарият нуфузли манбалар "Трабзонспор" бош мураббийи Фотиҳ Текке ўз ҳужум чизиғида ўтган мавсумда 22 та гол урган Шомуродовни кўришни ўта алоҳида истаётганини тасдиқлашмоқда.
Трабзонликлар ушбу трансферни молиявий жиҳатдан енгиллаштириш учун ўз ҳужумчиси Умут Найирни алмашувнинг бир қисми сифатида таклиф қилиш варианти устида ишлашмоқда.
Шу билан бирга, 31 ёшли Ўзбекистон терма жамоаси сардорига ЖЧдаги муваффақиятли ўйинларидан сўнг Саудия Арабистони ва Россия клубларидан ҳам даъвогарлар пайдо бўлган.
"Башакшеҳир"нинг молиявий талаби:
"Башакшеҳир" ўз вақтида Шомуродов трансфери учун жами 5,8 миллион евро харажат қилган эди. Эндиликда Истанбул клуби раҳбарияти ўз тўпурарини камида 15–20 миллион евро атрофида баҳоламоқда ва ушбу трансфердан катта даромад олишни режалаштирмоқда.
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқларда улашинг!































Изоҳлар 0
…