Каннаваро Анчелотти билан учрашди: улар нималарни муҳокама қилишди?

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Бразилияга ташриф буюриб, Рио-де-Жанейродаги Бразилия Футбол Конфедерацияси (CBF) қароргоҳида Бразилия терма жамоаси устози Карло Анчелотти билан учрашди. Бу ҳақда CBF расман маълум қилди.
Конфедерация ижтимоий тармоқдаги саҳифасида учрашув ҳақида қизиқ тарзда хабар берди: “Қаранг, бугун CBF қароргоҳига ким ташриф буюрди!” деган мазмундаги пост орқали мухлислар диққати тортилди. Унда Каннаварони Анчелотти ҳамда эркаклар терма жамоалари бўйича координатор Родриго Каэтано қабул қилгани қайд этилди.
Маълум қилинишича, учрашув жуда илиқ ва самарали кайфиятда ўтган. Футболнинг икки йирик намояндаси бир стол атрофида ўтириб, шунчаки оддий суҳбат эмас, балки катта тажриба ва қарашларга бой мулоқот олиб борган. Асосий мавзулар орасида футболнинг бугунги тенденциялари, Жаҳон чемпионатига тайёргарлик, ўйин услуби ва стратегиялар, шунингдек терма жамоаларни ривожлантиришга оид фикр алмашинув бўлгани таъкидланди.
Эътиборли томони, айни пайтда ҳар икки мутахассис ҳам жамоасини мундиалга тайёрлаш жараёнида банд. Шу маънода, бу учрашув “мухлислар учун чиройли кадр”гина эмас, балки катта футбол ошхонасида бўлаётган фикр ва тажриба алмашинувнинг ёрқин кўриниши сифатида ҳам баҳоланмоқда.
Қисқаси, Каннаваро ва Анчелоттининг бундай дўстона мулоқоти — футболда чегара йўқлигини, катта мақсадлар олдида эса тажриба, билим ва ғоялар ҳар доим муҳим эканини яна бир бор кўрсатди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!