Роналду 41 ёшда: Европада ундан катталар ҳам бор

Криштиану Роналду 41 ёшга тўлди. Афсонавий мақомига қарамай, у энди Европанинг энг кучли чемпионатларида тўп сурмаяпти: ҳужумчи фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттирмоқда ва 1000 гол маррасига тобора яқинлашяпти. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Шу билан бирга, Европанинг бешта топ лигаси — Англия Премьер-лигаси, Ла Лига, А Серия, Бундеслига ва Лига 1 —да Роналдудан ҳам ёши катта бўлган атиги икки футболчи ҳануз майдонга тушмоқда.
Данте (Ницца, Франция)
Ҳар мавсум “олтин ветеранлар” рўйхатига қаралса, бир савол яна қайтади: бразилиялик ҳимоячи Данте ҳали ҳам сафдами? Ҳа, у ҳануз Ницца либосида.
Данте 42 ёшда (туғилган куни октябрда), бироқ барибир жамоа учун муҳим фигура бўлиб қолмоқда. У энди ҳар доим асосий таркибда тушмайди: мавсум давомида Лига 1 ва Европа Лигасида жами 8 ўйинда қатнашди, шундан 5 тасида стартдан майдонга чиқди. Кўпроқ тажрибаси билан кийиниш хонасида етакчилик вазифасини бажармоқда.
Энг қизиғи, у 37 ёшида тиззасининг хочсимон боғлами узилган оғир жароҳатни бошдан кечирган — кўп футболчилар айнан шундан кейин карьерасини якунлайди. Данте эса таслим бўлмади.
“22 йилдан бери профессионалликдаман, мотивация ҳануз ёнимда. Сабаби оддий: мен футболни севаман”, дейди ҳимоячи.
Санти Касорла (Реал Овьедо, Испания)
Ўз авлодининг энг ҳурматга сазовор ва камтарона юлдузларидан бири бўлган Санти Касорланинг катта футболдаги яна бир саҳифаси деярли мўъжизага ўхшайди.
Арсеналдан кетганидан кейин Вильярреалда ёрқин қайтиш, сўнг Қатардаги уч йил ва карьера якуни яқинлашаётгандек туйилганди. Бироқ 2023 йилда Касорла болаликдан мухлиси бўлган, ўзи туғилиб-ўсган шаҳар клуби — иккинчи дивизиондаги Реал Овьедо билан шартнома имзолади.
“Мен текин ҳам ўйнаган бўлардим, лекин бу тақиқланган”, деган у The Guardian'га.
“Хотиним: ‘Сен пул учун эмас, уйга қайтяпсан — завқланиш, ёрдам бериш, борини бериш учун’, деди. Мен агентимга қўнғироқ қилиб, менга пул керак эмаслигини айтдим. Клуб президентига эса: ‘Минимал маош, футболкам савдосининг 10 фоизи академияга’ дедим. Ҳаммасини ўша кечанинг ўзида ҳал қилдик. Бу бизнес эмас, муҳаббат ҳикояси эди”, — дея эслаган Касорла.
40 ёшида, Овьедодаги иккинчи мавсумида у плей-оффда гол уриб, жамоага 24 йилдан кейин Ла Лигага қайтишга ёрдам берди.
Ла Лигага қайтиш осон кечмаяпти: клуб аллақачон икки мураббий билан хайрлашди, уй ўйинларида эса бутун мавсум давомида атиги тўртта гол урилди. Шунга қарамай, Касорланинг майдондаги ўзиёқ жамоага руҳ ва ишонч бераётгани сезилади.
Хулоса
Роналду футбол тарихидаги гигантлардан бири, аммо у Европанинг катта саҳнасини аллақачон тарк этган. Данте ва Касорла эса — рол жиҳатдан камтарроқ бўлса-да — Европа футболида ҳозир ҳам ўз изини қолдиришда давом этяпти.
Улар яна бир бор исботламоқда: ёш фақат рақам, ўйинга бўлган иштиёқ эса муддат танламайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!