Ўзбекистон футбол клублари хусусийлашув сари, янги молиявий тизим

Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси иштирокида спорт федерациялари ҳамда профессионал футбол клубларини ривожлантиришга қаратилган муҳим йиғилиш ўтказилди. Учрашувда энг асосий масала битта: бошқарувни “эскича одат”дан чиқариб, замонавий моделга ўтказиш.
Йиғилиш давомида мамлакатимизда спорт федерациялари бошқарувини янги тизим асосида янгилаш, профессионал клублар фаолиятини эса бутунлай бошқа босқичга олиб чиқиш мавзуси атрофлича кўриб чиқилди. Яъни клублар фақат майдонда эмас, кабинетларда ҳам кучли бўлиши керак — ҳозирги талаб шу.
Хусусан, соҳани кўтариш учун хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, ҳомийлик институтларини кучайтириш ва “спонсор топиш”ни тасодиф эмас, тизимга айлантириш бўйича фикрлар билдирилди. Шу билан бирга, клубларни босқичма-босқич хусусийлаштириш, молия масаласида эса янгича, тартибли ва ҳисоб-китобли механизмларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
ЎФА маълумотига кўра, клублар бошқарувида шаффофликни ошириш, иш самарадорлигини кучайтириш ва замонавий ёндашувларни киритиш алоҳида муҳим деб топилган. Чунки мухлислар учун “чиройли ўйин” қанчалик керак бўлса, клубнинг ортида “тоза ҳисобот” ҳам шунчалик керак. Қисқаси, футболимиз майдонда ғалаба қидиряпти, энди иқтисодда ҳам тартиб қидиради — ва бу меъёр.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!