Майкл Оуэн «Манчестер Юнайтед»га мураббий танлашда маслаҳат берди

«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ҳужумчиси Майкл Оуэн клубга бош мураббий масаласида ўз фикрини билдирди. Яқинда «қизил иблислар» мавсум охиригача Майкл Керрикни вақтинчалик бошқарувга тайинлаганди ва шу даврда жамоа АПЛдаги тўртта ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Оуэннинг айтишича, сўнгги ўн йил ичида «Юнайтед» деярли барча йўлларни синаб кўрди: совриндор мураббийлар, тажрибали мутахассислар, собиқ футболчилар, янги авлод «даҳолари». Унинг фикрича, айни пайтда жамоа футболчилардан максимум натижа сиқиб олаётган мураббийга эга — трибуналар яна жонланди, ишонч қайтди ва барқарорлик пайдо бўлди.
Оуэн Керрик клубни ичидан билишини, феъл-атвори ва ёндашуви «Манчестер Юнайтед»га мослигини таъкидлади. У шунингдек, агар жамоа Чемпионлар лигасига йўлланма олса-ю, шундан кейин Керрикка «раҳмат» айтиб, бошқа мураббий олиб келинган тақдирда, клуб яна аввалги 10–12 йилдаги беқарорликка қайтиб қолиши мумкинлигини айтди.
Goal нашрига берган изоҳида Оуэн Керрикни «Манчестер Юнайтед» учун идеал вариант деб атади: у клубга қимматга тушмайди, ҳозирги молиявий вазиятда бу муҳим, мослашиш даври ҳам талаб этилмайди — тил муаммоси йўқ, у аллақачон жамоа ичида. Бундан ташқари, уни бошқа клубдан шартномасини сотиб олиб келиш ҳам шарт эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!