"Манчестер Сити"да Ҳусановдан кейин “иккинчи Ҳусанов” ким бўлади?

“Манчестер Сити”да ўтган йил 20 январь куни жамоага Абдуқодир Ҳусанов келганидан кейин бошланган таркибни янгилаш, авлодлар алмашинуви ва клубнинг узоқ муддатли режасини қайта қуриш жараёни ҳали-ҳалигача тўхтагани йўқ. Аксинча, “шаҳарликлар” бу йўлдан қайтмаслигини, катта номлардан воз кечиш эвазига янги қаҳрамонлар ясашга киришганини кўрсатяпти.
Охирги бир йил ичида клуб сафидан кўп йиллик тажрибага эга, “Сити”нинг олтин даврида катта ҳисса қўшган бир қатор юлдузлар кетиб улгурди. Хусусан, Кайл Уокер, Кевин де Брейне, Скотт Карсон, Жек Грилиш, Мануэль Аканжи, Эдерсон, Илкай Гюндоған, Штефан Ортега, Келвин Филлипс каби номлар жамоадан ажралиб чиқди. Бу рўйхатни ўқишнинг ўзи “Сити”нинг қай даражада катта ўзгаришларга тайёр эканини англатади.
Энг қизиғи, клуб мутасаддилари бу билан тўхтаб қолмоқчи эмас. Манбаларга кўра, яна бир гуруҳ ёши каттароқ ўйинчилар — Жон Стоунз, Бернарду Силва, Натан Аке, Матео Ковачич, ҳатто “Олтин тўп” соҳиби Родри билан хайрлашиш сценарийси ҳам кун тартибида турибди. Яъни гап майда тозалаш ҳақида эмас, тўлиқ форматдаги “қайта юкланиш” ҳақида кетяпти.
Ҳусанов трансфери аввал таваккал деб кўрилган эди
“Манчестер Сити” ўтган йили қишда Абдуқодир Ҳусановни олганида, кўп экспертлар бу келишувни катта таваккал сифатида баҳолаган. Чунки гап дунёнинг энг талабчан жамоаларидан бирига, қаттиқ рақобат ва босим бўлган муҳитга ёш ҳимоячини олиб келиш ҳақида кетарди.
Аммо амалда Ҳусанов ўзини катта салоҳият эгаси эканини исботлай олди. “Сити” ҳимоя чизиғида кадрлар танқислиги ва мажбурий ўзгаришлар кўпайган мураккаб паллаларда айнан Ҳусанов “катта саҳна”га чиқди: ишончли ўйнади, вазиятни ҳис қилди, курашларда омадли ҳаракат қилди ва энг муҳими — мухлисларда “бу бола тайёр экан” деган ишончни уйғотди.
Шу нуқтада клуб сиёсати ҳам бошқа тарафга бурилгани айтилади. Нуфузли манбалардан бири — cityxtra.co.uk сайти эксперти Жуд Ноблнинг ёзишича, Ҳусанов трансфери ўзини оқлаганидан кейин “Манчестер Сити” раҳбариятининг трансфер қарашларида кескин бурилиш бўлди. Энди клуб спорт бўлими асосан мунтазам ўсишга қодир, узоқ йиллар жамоа шарафини ҳимоя қила оладиган, турли услуб ва позицияларга мослаша оладиган ёш футболчиларга алоҳида эътибор қарата бошлаган.
Жуд Нобл бу фикрни 2025 йил қишки трансфер ойнаси мисолида янада очади: ўшанда Абдуқодир Ҳусанов ва Витор Рейс “Манчестер Сити” томонидан жами 62,9 миллион фунт стерлингга сотиб олинди. Бу — клубнинг ҳимояда ёш, истиқболли кадрларни тайёрлаб, кейинги йилларда асосий таркибнинг суянчиғига айлантириш нияти борлигини очиқ кўрсатади.
Кейинги “иккинчи Ҳусанов” ким бўлади?
Энди эса бозорда яна бир исм айланяпти. “Тимтолк” нашри маълумотига кўра, Уго Виана ва Пеп Гвардиола Ҳусановдан кейин жамоага қўшиб олмоқчи бўлган янги истиқболли футболчи сифатида 18 ёшли марказий ҳимоячи Рууд Нистадни нишонга олган.
“Твенте” ўйинчиси бу мавсумда асосий таркибга кириб боргач, Европадаги энг умидли ёш ҳимоячилардан бири сифатида тилга тушди. Унинг ўйинлари кўплаб элита скаутлик бўлимлари диққатини тортгани айтиляпти. Яъни бу шунчаки “кузатув” эмас — катта клублар бу болага жиддий қараяпти.
Аввалроқ, Каталониянинг гигант клуби “Барселона” Нистадга энг кўп қизиқиш билдиргани, уни Испанияга олиб келиш учун ҳаракат қилаётгани ҳақида гап-сўзлар чиққан. Аммо “Ла Лига” клуби молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, ёш ижрочи учун 10 миллион евродан ортиқ тўлашни истамаслиги ҳақида хабарлар бор.
Бу ерда яна бир нозик жиҳат пайдо бўляпти: Нистаднинг ўзи ҳам Каталонияда унга таклиф этилган лойиҳанинг мақсадга мувофиқлигига тўлиқ ишонмаган, дейилади. Табиийки, бу ҳолат Ханс-Дитер Флик жамоасига ўтиш унинг карьерасига ростдан ҳам фойда берадими?” деган саволларни кўпайтирди.
Натижада эшиклар бошқалар учун ҳам очилди. Ёш иқтидорлар билан ишлашда катта тажрибага эга бўлган немис грантлари — “Бавария”, “Боруссия Дортмунд”, “РБ Лейпциг” каби клублар ҳам бу вазиятдан фойдаланиб, Нистадга даъвогар бўлиш имкониятига эга бўляпти.
Премьер-лигада катта рақобат, катта кураш
Шунга қарамай, бугунги кунда нидерландиялик вундеркиндга энг кучли қизиқиш айнан Англия Премьер-лигаси тарафидан экани таъкидланмоқда. Хусусан, “Челси”га эгалик қилувчи “БлюКо” компанияси, шунингдек “Манчестер Сити” ва яна бир неча клубни бирлаштирган “Сити Футбол Групп” холдинги мутахассислари Нистадни диққат марказида ушлаб турибди.
Бундан ташқари, “Тоттенхэм”, “Астон Вилла”, “Ньюкасл”, “Брайтон”, “Брентфорд” ҳам унинг атрофидаги вазиятни кузатяпти. Айрим Европа клублари эса мавсум бошидан бери унинг барқарорлигини текшириш учун бир неча бор скаутлар юборгани айтилади.
Нистад нима билан кучли?
Нистад асосий жамоада фақат шу мавсум дебют қилганига қарамай, чап марказий ҳимоячи позициясида ўзини жуда ишончли кўрсата олди. Мутахассислар унинг сабр-тоқати, етук фикрлаши ва қарор қабул қилиш маданиятини алоҳида таъкидлаяпти. Бу сифатлар ҳимоячи учун жуда муҳим, аммо 18 ёшда бу даражадаги “совуққонлик” ҳар куни учрайвермайди.
“Твенте” билан шартномаси 2027 йилнинг ярмигача амал қилади ва клуб у билан янги, узоқ муддатли битим тузишга интиляпти. Лекин бу осон бўлмаслиги мумкин: чунки Нистаднинг манфаатларини ҳимоя қилаётган агентлар Европанинг етакчи клублари ёш юлдуз учун кураш олиб бораётганини жуда яхши билади ва бу — музокараларда нарх ҳам, шартлар ҳам қаттиқлашишини англатади.
Якунда энг қизиқ савол шу: агар бу курашда “Манчестер Сити” ютиб чиқса, Рууд Нистад “шаҳарликлар” учун ҳақиқатан ҳам “иккинчи Ҳусанов”га айланиши, янги кашфиёт сифатида тилга тушиши мумкин. Ҳусанов қандай қилиб “таваккал” деган тамғадан чиқиб, имкониятга айланса — Нистад ҳам худди шундай йўлни босиб ўтиш эҳтимоли бор.
Қисқаси, “Сити” энди катта номларни сотиб олиб келиб, тайёр натижа кутмайдиган даврга киряпти. Улар тайёр юлдуз эмас, ўз юлдузини ясашни танлаяпти. Мухлислар учун эса бундай жараённинг битта плюси бор: ҳар мавсум янги қаҳрамон пайдо бўлиши мумкин. Ва бу сериал ҳали энди қизияпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!