“Андижон” жамоаси янги мавсум олдидан ўз таркибини таништирди

Андижонлик футбол ишқибозларининг интиқлик билан кутган кунлари етиб келди. "Универсал" спорт мажмуасида "Андижон" клубининг 2026 йилги мавсум учун янгиланган таркиби ва мақсадлари эълон қилинди. Мажмуа ашаддий мухлислар билан тўлиб тошди, "Ультрас Бургут" гуруҳининг жўшқин олқишлари эса тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Вилоят ҳокимидан чемпионлик вазифаси
Тадбирда шахсан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, жамоа олдига юксак талабларни қўйди. Ҳоким бу йил Андижонда ҳақиқий "футбол йили" бўлишини таъкидлаб, Самвел Бабаян бошчилигидаги жамоа камида кучли учликдан жой олиши, асосий мақсад эса — чемпионлик эканини алоҳида қайд этди.
Маросимда меҳмон сифатида таниқли шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов ва Туркиянинг "Бешиктош" клуби расмий вакили Гокҳан Сарибайир ҳам қатнашди. Хайрулла Ҳамидовнинг таъсирли нутқи стадионга йиғилганларни янада руҳлантириб юборди.
17 нафар янги юлдуз ва жаҳон даражасидаги мухлислар
Самвел Бабаян ўз нутқида Андижон мухлисларини нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳонда тенгсиз эканини эътироф этди. Шундан сўнг, жамоага янги келиб қўшилган 17 нафар футболчига тантанали равишда либослар топширилди. Янгиланган таркибда Драган Черан, Ислом Тўхтахўжаев ва Азизбек Турғунбоев каби номдор ўйинчиларни кўриш мумкин:
Дарвозабонлар: Р. Давронов, Н. Рустамжонов.
Ҳимоячилар: И. Голбан, И. Йўлдошев, Н. Чаласан, И. Тўхтахўжаев, О. Абдумажидов, М. Махамаджонов.
Ярим ҳимоячилар: И. Ашортиа, Ж. Болтабоев, А. Андроникашвили, Х. Иминов, С. Содиқов, А. Турғунбоев.
Ҳужумчилар: Драган Черан, П. Холдорхонов, Мартин Боаке.
"Бургутлар" жанговар шай ҳолатда
Жамоа етакчилари Драган Черан ва Ислом Тўхтахўжаев саҳнага таклиф этилиб, барча ваъдалар майдонда исботланишини ва мухлислар ишончини оқлаш учун бор кучларини сарфлашларини билдиришди. Фан-клуб раиси Нодирбек Тўйчиевнинг мотивацион чиқиши эса тадбирга якуний ва кучли нуқтани қўйди.
Клуб бош директори Зиёдбек Машрапов вилоят ҳокимига эсдалик сифатида жамоа либосини топширди. Шу тариқа, "Андижон" янги зафарлар сари илк қадамини ташлади.
Сизнингча, янгиланган "Андижон" таркиби бу йил Суперлига тахтини эгаллай оладими?
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!