Киву Димаркони ўзидан ҳам кучлироқ деб баҳолади

Миланнинг «Интер» жамоаси бош мураббийи Кристиан Киву Федерико Димарко ҳақида берилган саволга жавоб қайтарди. Мутахассисдан у ҳимоячини ўзидан ва аввал «Интер»да тўп сурган Александар Коларовдан устунроқ деб ҳисоблайдими, деб сўрашди. Ҳозирда сербиялик Коларов Кивунунг мураббийлар штабида ишламоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Киву ҳазил аралаш оҳангда Димарконинг даражаси ўзиникидан юқорилигини тан олди, бироқ Коларовга баҳо беришга ошиқмади: «Албатта, Димарко Кивудан кучлироқ, аммо Коларов ҳақида бундай дея олмайман — хафа бўлиб қолиши мумкин», — деди у DAZN Italia нашрига.
Жорий мавсумда Димарко барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда 33 та ўйинда майдонга тушди. Унинг ҳисобида 6 та гол ва 15 та голли узатма бор.
Айни пайтда «Интер» А Серия турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда: жамоа 26 турдан сўнг 64 очко жамғарган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!