Компани Кейн роли ҳақида очиқ гапирди ва ҳазиллашди

Мюнхеннинг «Бавария» жамоаси бош мураббийи Винсент Компани ҳужумчи Гарри Кейннинг майдондаги вазифалари ва ўйин услубидаги ўзгаришлар ҳақида фикр билдирди. Англиялик футболчи сўнгги пайтларда ярим ҳимояга тез-тез тушиб, шерикларига пас тарқатишда ҳам кўпроқ кўринмоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Компани бу ёндашув футболчининг кучли жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда танланганини айтди: «Мен доим футболчиларимнинг сифатларини инобатга оламан. Гарри жуда ақлли. Ҳимояда ҳам ўз роли бор, аммо тўп бизда бўлса, бунинг ярми мураббийнинг иши, ярми эса футболчига ишонч — у тўғри қарор қабул қилишига», — деди у Sky нашрига.
Мутахассис ўзи ҳимоячи бўлган пайтларини ҳам эслади: «Мен кўп марта Гаррига қарши ўйнаганман. Ўшанда унинг бу фазилатларини сезмаганман, чунки у доим энг олд чизиқда турарди. Ростини айтсам, у пайтда унга қарши ҳимояланиш анча осонроқ эди. Фақат буни Гаррига айтманг!» — дея ҳазиллашди Компани.
Шанба куни «Бавария» «Айнтрахт»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!