Мусиала Винисиус иштирокидаги ирқчилик можаросига муносабат билдирди

Мюнхеннинг «Бавария» клуби ярим ҳимоячиси Жамал Мусиала Чемпионлар лигасида «Бенфика» ва Мадриднинг «Реал» жамоалари ўртасидаги баҳс атрофида юзага келган шов-шувли ҳолат ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Учрашувдаги ягона гол муаллифи бўлган «Реал» ҳужумчиси Винисиус Жуниор гол ургач, ҳакамга рақиб қанот ҳужумчиси Жанлука Престиани томонидан ирқчилик руҳидаги ҳақорат эшитганини айтган. Эпизодда аргентиналик футболчи футболкаси билан оғзини ёпиб ишора қилгани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди, бироқ Престиани айбловни рад этмоқда.
«Мураббийимиз бу борада аллақачон муҳим фикрларни айтиб ўтди. Ирқчилик — жуда ёқимсиз мавзу. Мен Винига ишонаман, шунинг учун бундай вазиятда у ёлғон гапиради деб ўйламайман. У буни яхши енгиб ўтди. Бу масала анчадан бери кўтарилиб келади ва буни кўриш менга ёқмайди», — дея Мусиала сўзларини келтиради Madrid Zone.
Қайд этилишича, «Реал» ва «Бенфика» ўртасидаги жавоб ўйини 25-февраль, чоршанба куни бўлиб ўтади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!