Мануэл Нойер мавсум якунида фаолиятини тугатиши мумкин

«Бавария» дарвозабони Мануэл Нойер келажаги борасида ҳозирча аниқ қарорга келмаган. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Kicker хабарига кўра, Мюнхен клуби раҳбарияти посбон билан шартномани яна бир мавсумга узайтиришни истамоқда. Бироқ 39 ёшли футболчи якуний қарорни фақат жисмоний ҳолати ва ўзини қандай ҳис қилаётганига қараб қабул қилади. Нойер учун фаолиятини чет элда давом эттириш варианти умуман кўриб чиқилмаяпти — у Томас Мюллер «Ванкувер»га йўл олганидан фарқли равишда, карьерасини «Бавария»да якунлашни мақсад қилган. Бу мавсум охирида бўладими ёки кейинроқ — буни вақт кўрсатади.
Мануэл Нойер 2011 йилда «Шалке»дан «Бавария»га 30 миллион евро эвазига ўтган. Унинг амалдаги шартномаси 2026 йил 30 июнгача мўлжалланган. Жорий мавсумда у мюнхенликлар сафида 28 ўйинда майдонга тушиб, 27 гол ўтказиб юборди ва 9 учрашувда дарвозасини дахлсиз сақлаб қолди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!