Колумбия Жаҳон чемпионати олдидан ички зиддиятларга дуч келмоқда

Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк маротаба иштирок этадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати–2026 қуръаси натижасига кўра “K” гуруҳидан ўрин олгани барчага маълум. Бу квартетда миллий терма жамоамиз Колумбия, Португалия ва Конго билан рақобат олиб боради.
Мундиалдаги биринчи рақибимиз – Колумбияда кутилмаган зиддият юзага келди. Жамоанинг икки етакчиси – Хамес Родригес ва ҳужумкор футболчи Луис Диас март ойидаги ўртоқлик ўйинларидан сўнг кийиниш хонасида кескин оғзаки баҳслашиб қолди. Вазият шунчалик кескинлашдики, жамоадошлар аралашишига тўғри келди.
Манба маълумотларига кўра, кескинлик ва зиддиятнинг кучайиши 2026 йилги Жаҳон чемпионати олдидан терма жамоадаги ички рақобат ва манфаатлар тўқнашувидан келиб чиққан. Турнир учун таркиб ҳақидаги гап-сўзлар ва асосий роллар учун кураш фонида икки юлдуз ўртасидаги таранглик энг юқори чегарага етган. ОАВ хабар қилишича, ҳатто жамоа ичида ЖЧ учун якуний рўйхатга фақат битта етакчини киритиш варианти ҳам муҳокама қилинмоқда.
Колумбия жамоаси март ойида ЖЧга тайёргарлик доирасида икки назорат учрашувини ўтказди: 27 мартда Хорватияга 1:2 ҳисобида ютқазди, 30 мартда Францияга 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу натижалар асосий турнир олдидан жамоага босимни кучайтирди. Маълумки, Колумбия терма жамоаси Жанубий Америка саралашини учинчи ўринда якунлаб, мундиал финалида иштирокини расман таъминлаган эди.
K гуруҳидаги ўйинлар жадвали қуйидагича:
- Колумбия
- Португалия
- Ўзбекистон
- Конго ДР(кейинчалик қитъалараро плей-офф орқали мундиалга чиққан)
Ўзбекистон миллий жамоаси ҳам мундиалга пухта тайёргарликни давом эттирмоқда. Фабио Каннаваро шогирдлари FIFA Series 2026 доирасида Габонни 3:1 ҳисобида, Венесуэлани эса пенальти сериясида 5:4 ҳисобида мағлуб этиб, тарихий илк ғалабани қўлга киритди.
Шу тариқа, Ўзбекистон мухлислари ўз терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги илк иштирокини интизорлик билан кутаётгани маълум.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!