Санчо эркин агент сифатида «Боруссия Дортмунд»га қайтади

Англиялик вингер Жейдон Санчо «Манчестер Юнайтед» билан шартномаси якунлангач, яна «Боруссия Дортмунд» сафига қўшилишга тайёрлигини билдирди. 26 ёшли футболчи жорий ёзда эркин агентга айланади ва учинчи бор «Сигнал Идуна Парк» стадионида тўп суриш ниятида. Ҳозирда у ижара асосида «Астон Вилла» шарафини ҳимоя қилмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
«Боруссия Дортмунд» спорт директори Оле Бук ва бош ижрочи директор Ларс Рикен собиқ юлдузни ўртага қайтариш масаласини кўриб чиқмоқда. Жамоа бош мураббийи Нико Ковач ушбу трансферга аллақачон яшил чироқ ёққан. Мураббий Германияда ўзининг энг яхши йилларини ўтказган футболчининг салоҳиятига ишонч билдирмоқда.

Санчо фаолияти давомида 2017-2021 йилларда Дортмундда порлаган ва 73 миллион фунт эвазига «Манчестер Юнайтед»га ўтган эди. Бироқ Премьер-лигада ўз ўрнини топа олмагач, 2023-24 йилги мавсумнинг иккинчи қисмини ижара асосида «Боруссия»да ўтказиб, жамоанинг Европа Чемпионлар лигаси финалига чиқишига ёрдам берди.
Статистик маълумотларга кўра, Санчонинг сўнгги натижалари бироз пасайган. У «Астон Вилла» сафида 33 та ўйинда майдонга тушиб, бор-йўғи битта гол ва учта ассист қайд этди. Таққослаш учун, вингер Дортмунддаги биринчи даврида 137 та учрашувда 114 та голда бевосита иштирок этган эди. Немис клуби раҳбарияти 2026-27 йилги мавсум олдидан футболчини текинга қўлга киритиш имкониятини юқори баҳоламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!