Лукаку ва «Наполи» жароҳат масаласида умумий келишувга эришди

«Наполи» ҳужумчиси Ромелу Лукаку ва клуб раҳбарияти ўртасидаги жароҳатдан тикланиш жараёни билан боғлиқ тушунмовчиликлар бартараф этилди. Томонлар ўтказилган конструктив музокаралардан сўнг ўзаро келишувга эришган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
32 ёшли футболчи сон қисмидаги жароҳати сабабли сўнгги ҳафталарни Белгияда мутахассислар назоратида ўтказаётган эди. Бу ҳолат клубнинг машғулот базасини тарк этгани учун раҳбарият билан келишмовчиликка сабаб бўлган.

Янги келишувга кўра, Лукаку тикланиш жараёнини ўз ватанида давом эттиради. У 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари учун Бельгия терма жамоаси йиғинига қўшилишдан олдин Неаполга қайтиб келиши режалаштирилган.
Ҳужумчи ижтимоий тармоқлар орқали мухлисларга мурожаат қилиб, клубга содиқлигини таъкидлади. «Ҳақиқат шундаки, сўнгги ҳафталарда ўзимни жисмонан ёмон ҳис қилдим.

Текширувлар мушакларда яллиғланиш борлигини кўрсатди», — деб ёзди футболчи.
Лукаку жисмоний ҳолати 100 фоиз тайёр бўлмагани сабабли руҳий босим остида қолганини тан олди. Унинг сўзларига кўра, «Наполи» учун борини беришни истайди ва жамоага ғалаба қозонишда ёрдам бериш асосий мақсади ҳисобланади.
Аввалроқ Италия клуби машғулотларга келмагани учун ҳужумчига нисбатан интизомий чоралар кўришни режалаштираётган эди. Бироқ душанба кунги учрашувдан сўнг барча жазо чоралари бекор қилинди ва ҳамкорликда ишлашга қарор қилинди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!