Англия терма жамоаси ўз майдонида Японияга мағлуб бўлди

Англия терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати олдидан ўз майдонидаги сўнгги икки учрашувда кутилмаган натижалар қайд этди. Томас Тухел шогирдлари Уругвай билан дуранг ўйнаган бўлса, Япония терма жамоасига 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
«Уэмбли» стадионига йиғилган мухлислар ўйиндан сўнг футболчиларни ҳуштакбозлик билан кузатиб қўйишди.

Жамоа сардори Ҳарри Кейн, Деклан Райс, Жуд Беллингем ва Букайо Сака каби етакчиларнинг йўқлиги Англия ўйинига салбий таъсир кўрсатди. Тухел таркибда кўплаб тажрибалар ўтказган бўлса-да, бу кутилган самарани бермади.
Айниқса, Кейннинг ўрнини босадиган ҳужумчи масаласи ҳамон очиқ қолмоқда.

Доминик Соланке ва Фил Фоден ҳужум марказида ўзларини кўрсата олишмади. Фоден «Манчестер Сити»даги формасини терма жамоада намойиш эта олмаётгани мутахассислар эътирозига сабаб бўлмоқда.
У Япония билан баҳсда «ёлғончи тўққизлик» вазифасини бажара олмади ва самарадорлик кўрсатмади.
Ҳимоя чизиғида эса Гарри Магуайр захирадан тушиб ўйинни кучайтира олишини исботлади. Жон Стоунз жароҳати сабабли йиғинни тарк этган бир пайтда, Магуайрнинг тажрибаси Тухел учун муҳим омил бўлиб қолмоқда.
Қанот ҳимоячилари Бен Уайт ва Нико ЎРейли эса барқарор ўйин кўрсата олишмади.
Англия терма жамоаси июн ойида АҚШга йўл олади ва у ерда Коста-Рика ҳамда Янги Зеландия билан ўртоқлик учрашувлари ўтказади. 17 июн куни Хорватияга қарши бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати стартигача Тухел таркибдаги муаммоларни ҳал қилиши лозим.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!