Гвардиола янги ҳимоячи изламоқда Араужо учун кураш қизимоқда

Англиянинг “Манчестер Сити” клуби ёзги трансферлар ойнаси олдидан ҳимоя чизиғини кучайтириш устида иш бошлаган. Португалия матбуотида тарқалган хабарларга кўра, Хосеп Гвардиола жамоаси “Спортинг” ҳимоячиси Макси Араухони ўз сафига қўшиб олиш учун жиддий ҳаракат қилмоқда.
Қизиғи шундаки, иқтидорли уругвайлик футболчи учун курашда “Манчестер Сити”нинг асосий рақобатчиси яна шаҳарнинг бошқа гранди — “Манчестер Юнайтед” бўлиши мумкин.
26 ёшли Макси Араухо жорий мавсумда Лиссабон клубининг энг барқарор ва ишончли футболчиларидан бири сифатида кўрилмоқда. Айниқса, у Чемпионлар лигасида “Арсенал” ва ПСЖ каби Европа грандларига қарши баҳсларда ўзининг юқори савиясини намоён қилди.
Мутахассислар унинг ҳимоядаги ишончли ҳаракатлари, тўп олиб қўйишдаги аниқлиги ва универсал ўйинини юқори баҳоламоқда. Араухо нафақат чап қанот ҳимоячиси сифатида, балки ярим ҳимоя марказида ҳам самарали ҳаракат қила олади. Бу эса уни Хосеп Гвардиола тизими учун жуда мос футболчига айлантирмоқда.
Португалиянинг машҳур A Bola нашри маълумотига кўра, ҳозирча футболчини сотиб олиш учун асосий даъвогарлар сифатида айнан Манчестернинг икки клуби кўрилмоқда.
Шу билан бирга, аввалроқ “Тоттенхэм” ва “Челси” ҳам Макси Араухога қизиқиш билдиргани айтилган эди. Лондон клублари ҳатто футболчининг ўйинларини кузатиш учун махсус скаутлар юборган.
Бироқ “Спортинг” раҳбарияти ҳозирча футболчисини қўйиб юбориш ниятида эмас. Аксинча, клуб Араухога яхшироқ шартлар ва юқорироқ маош таклиф қилиб, уни узоқроқ сақлаб қолишни режалаштирмоқда.
Футболчининг амалдаги шартномаси 2029 йилгача мўлжалланган бўлиб, унда 69 миллион фунт стерлинг миқдорида товон пули белгиланган. Шу сабабли, унинг трансфери осон кечмаслиги аниқ.
Шунга қарамай, “Манчестер Сити”нинг спорт йўналишидаги муҳим фигураларидан бири Угу Виананинг Лиссабон клуби билан яхши муносабатларга эга экани “шаҳарликлар”га музокараларда маълум устунлик бериши мумкинлиги айтилмоқда.
Футбол таҳлилчилари фикрича, агар бу трансфер амалга ошса, Макси Араухо Премьер-лигадаги энг қизиқарли ҳимоячилардан бирига айланиши мумкин. Унинг универсаллиги ва юқори темпда ўйнай олиши эса Гвардиола услубидаги футбол учун жуда муҳим омил ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!