Артета очиқлади: «Арсенал»даги бирдамлик чемпионликка етакламоқда

Лондоннинг “Арсенал” клуби бу мавсум нафақат майдондаги натижалари, балки жамоа ичидаги муҳити билан ҳам кўпчилик эътиборини тортмоқда. “Тўпчилар” бош мураббийи Микел Артета жамоадаги ўзаро ишонч ва бирдамлик ҳақида таъсирли фикр билдирди. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо маълум қилди.
Артетанинг айтишича, айрим футболчиларни асосий таркибдан четда қолдиришга тўғри келган вазиятларда у шахсан улар билан суҳбатлашган ва қарорини тушунтирган.
— Баъзи футболчиларнинг олдига бориб: “Узр, «Фулҳэм»га қарши айнан шу таркибни туширишга қарор қилдим”, дедим. Улар эса: “Мураббий, сизга қачон керак бўлсак, доим тайёрмиз”, деб жавоб беришди ва мени қучоқлашди, — деди Артета.
Испаниялик мутахассиснинг ушбу сўзлари мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотди. Чунки сўнгги йилларда “Арсенал”да шаклланган муҳит ва футболчилар ўртасидаги муносабатлар жамоанинг асосий кучларидан бири сифатида кўрилмоқда.
Футбол таҳлилчилари фикрича, чемпионлик учун курашадиган клубларда нафақат кучли таркиб, балки ички муҳит ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. “Арсенал”да эса айнан шу жиҳат ҳозир юқори даражага чиққан.
Айниқса, мавсумнинг ҳал қилувчи палласида захирада қолаётган футболчиларнинг ҳам мураббий қарорларини ҳурмат қилиши жамоадаги профессионал муҳитни кўрсатмоқда.
Ҳозирда “Арсенал” Англия Премьер-лигаси турнир жадвалида пешқадам бўлиб турибди. Лондонликлар асосий рақобатчи “Манчестер Сити”дан 4 очко олдинда бормоқда ва чемпионлик учун жиддий кураш олиб бормоқда.
Микел Артета бошчилигидаги жамоа бу мавсум барқарор ўйин, юқори интизом ва жамоавий руҳ билан ажралиб турмоқда. Кўпчилик мутахассислар айнан шу омиллар “Арсенал”ни сўнгги йиллардаги энг кучли ҳолатига олиб келганини таъкидламоқда.
Лондон мухлислари эса узоқ йиллик кутилган чемпионлик орзуси амалга ошиши мумкинлигига тобора кўпроқ ишонмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!