Роналду Instagram’да 18 миллион нафар обуначисидан айрилди

Криштиану Роналду Instagram ижтимоий тармоғида амалга оширилган кенг қамровли “тозалаш” жараёнидан кейин 18 миллион обуначисини йўқотди. Платформа томонидан ботлар, фаол бўлмаган ва шубҳали аккаунтлар ўчириб ташлангани ортидан дунё машҳурларининг саҳифаларида ҳам сезиларли ўзгариш кузатилди.
Шунга қарамасдан, португалиялик суперюлдуз 666 миллион нафар обуначи билан ҳамон Instagram’даги энг машҳур шахс сифатида биринчи ўринни сақлаб қолмоқда. Қизиғи, бу рақам Ўзбекистон аҳолисидан қарийб 17,5 баравар кўп. Бошқача айтганда, Роналду аудиторияси деярли 18 та Ўзбекистон аҳолисига тенг ҳисобланади.
Instagram ҳозирча ушбу “тозалаш” ишлари бўйича расмий баёнот бермади. Аммо жараён кўплаб таниқли шахсларга ҳам таъсир кўрсатгани айтилмоқда. Улар орасида Лионель Месси, Дональд Трамп, Папа Франциск, шунингдек шоу-бизнес вакиллари Жастин Бибер ҳамда Кайли Женнер ҳам бор.
Мутахассислар таъкидлашича, Роналду ижтимоий тармоқлардаги шахсий брендини йиллар давомида босқичма-босқич шакллантирган. У спортчилар орасида биринчи бўлиб, аудиторияни клуб ва федерациялардан мустақил равишда катта даромад келтирувчи актив сифатида кўра бошлаган футболчилардан бири ҳисобланади. Бугун унинг мухлислари Бразилиядан Ҳиндистонгача, Европадан араб мамлакатларигача бўлган ҳудудларни қамраб олган.
Маркетинг агентликлари маълумотларига кўра, Роналдунинг Instagram саҳифасида жойлаштирилган битта реклама пости 3–4 миллион доллар атрофида баҳоланади. Футболчи ижтимоий тармоқ орқали йилига 50 миллиондан 80 миллион долларгача даромад топади. Бу эса унинг Ан-Нассрдаги йиллик маошига деярли тенг миқдорни ташкил қилади. Шу тариқа, Роналду нафақат майдонда, балки рақамли платформада ҳам муваффақиятли бизнес юритмоқда.
Маълумот учун, 41 ёшли Роналду жорий мавсумда 27 та майдонга тушиб, 25 та гол муаллифи бўлди. 2026 йил ёзида старт оладиган ФИФА Жаҳон чемпионати 2026 эса унинг фаолиятидаги олтинчи бўлади ва бу мутлақ рекорд сифатида қайд этилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!