Интер Миами бош мураббийи Лионел Мессини ҳимоя қилишга чақирди

Лионел Месси ва Родриго Де Паул шанба куни бўлиб ўтган баҳсда Интер Миами жамоасининг Торонто ФК устидан 4:2 ҳисобидаги ғалабасига катта ҳисса қўшишди. Аргентиналик афсона Канададаги ўйинда яна бир тарихий натижани қайд этиб, MLS тарихидаги энг тез 100 та голли вазиятда иштирок этган футболчига айланди. Месси бу маррага атиги 64 та ўйинда эришиб, аввалги рекордчи Себастиан Гиовинконинг 95 та ўйинлик натижасини янгилади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Саккиз карра Олтин тўп соҳиби ўйин давомида иккита голли узатма амалга оширди ва 75-дақиқада ўз номини таблога ёздириб қўйди. Ушбу ажойиб ўйин Интер Миами жамоасининг Орландо Ситй билан бўлган омадсиз баҳсидан кейин жамоа учун муҳим руҳий кўмак бўлди. Жамоа бош мураббийи Гуиллермо Ҳоёс аргентиналик юлдузнинг майдондаги ҳаракатларидан ҳайратда эканини яширмади.
Ҳоёс матбуот анжуманида: “Бу ғайритабиий рекорд. Менимча, биз уни янада кўпроқ ҳимоя қилишимиз керак. Чунки Лео Мессилар кўп эмас, у ягона”, дея таъкидлади. Мураббийнинг сўзларига кўра, Месси ва унинг жамоадошлари каби футболчилар Шимолий Америкада футболнинг ривожланиши учун асосий куч ҳисобланади ва уларни асраш керак.
Учрашувда Родриго Де Паул ҳам ўзининг юқори савиясини намойиш этди. У жарима зарбасидан сўнг қайтган тўпни дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни очди ва жамоасининг ҳужумкор ўйинига пойдевор қўйди. Ҳоёс ушбу икки футболчини “ҳақиқий юлдузлар” деб атаб, уларнинг майдондаги ижодкорлиги ҳар қандай ҳимояни ёриб ўтишга қодирлигини алоҳида қайд этди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!