Унаи Эмерй Ҳарвей Эллиотт билан боғлиқ вазият учун узр сўради

Астон Вилла бош мураббийи Унаи Эмерй Ливерпулдан ижарага олинган ярим ҳимоячи Ҳарвей Эллиотт билан боғлиқ нохуш вазият учун узр сўради. 23 ёшли футболчи жамоага катта умидлар билан келган бўлса-да, шартномадаги мураккаб бандлар сабабли асосий таркибдан четда қолиб кетди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ўтган сентябрь ойида Ливерпулдан бир мавсумга ижарага олинган Ҳарвей Эллиотт Англия Премер-лигасида ўз ўйинини кучайтиришни мақсад қилган эди. Бироқ, у атиги тўққизта ўйинда майдонга тушиб, жами 109 дақиқа ҳаракат қилди. Бу ҳолат футболчининг профессионал фаолиятида тушунарсиз танаффусни юзага келтирди.
Муаммо шундаки, ижара шартномасида футболчи маълум миқдордаги ўйинларда иштирок этса, Астон Вилла уни 30 миллион фунт стерлинг эвазига тўлиқ сотиб олиши шартлиги кўрсатилган. Ливерпул ушбу бандни ўзгартиришдан бош тортгач, клублар ўртасида келишмовчилик юзага келди ва бу вазият бевосита футболчига таъсир қилди.
Унаи Эмерй матбуот анжуманида бу ҳолат барча томонлар учун уятли эканлигини тан олди. Мураббийнинг сўзларига кўра, у Ҳарвей Эллиотт олдида ўзини ноқулай ҳис қилмоқда, аммо клублар ўз масъулиятини бажариши кераклигини таъкидлади. Ушбу мавсум ёш футболчи учун ривожланиш нуқтаи назаридан бой берилган йилга айланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!