Виллиам Галлас Коул Палмер атрофидаги шов-шувларга шубҳа билан қаради

Челси жамоасининг собиқ ҳимоячиси Виллиам Галлас Коул Палмернинг 2023-2024-йилги мавсумдаги муваффақиятидан кейин юзага келган шов-шувларга танқидий муносабат билдирди. Франциялик фахрий футболчининг фикрича, ёш ҳужумчига бўлган талаблар жуда тез ошиб кетган ва бу ҳолат футболчининг ўйинига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Галласнинг таъкидлашича, Палмер биргина яхши мавсумдан сўнг дунёнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилиши нотўғри. Унинг сўзларига кўра, жамоа ҳозирда нафақат ҳужум чизиғида, балки ҳимояда ҳам жиддий муаммоларга дуч келмоқда ва барқарорликни сақлаб қола олмаяпти.
Собиқ ҳимоячи Челси раҳбариятига ҳимоя чизиғини кучайтириш учун Манчестер Сити футболчиси Джон Стоунзни трансфер қилишни маслаҳат берди. Галласнинг фикрича, Стоунз катта клуб босимига бардош бера оладиган ва жамоа ҳимоясини тартибга соладиган тажрибали футболчи ҳисобланади.
Шунингдек, Галлас Маркос Сенеси каби номзодларга нисбатан Стоунзнинг тажрибаси Челси учун муҳимроқ эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Лондон клуби совринлар ютиш тажрибасига эга бўлган футболчиларга кўпроқ эътибор қаратиши лозим.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!