Гарри Кейн Роберт Левандовски рекордини янгиламоқчи

Бавария ҳужумчиси Гарри Кейн келаси мавсумда Бундеслига доирасида Роберт Левандовски ўрнатган рекордни янгилашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Англия терма жамоаси сардори ушбу натижани ортда қолдириш имконсиз эмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Роберт Левандовски 2020-21 йилги мавсумда 41 та гол уриб, рекорд ўрнатган эди. Гарри Кейн ушбу чўққини забт этиш учун жароҳатлардан ҳоли бўлиш ва барқарор ўйин кўрсатиш муҳимлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, агар жисмоний ҳолати яхши бўлса, бу натижани янгилаш реал вазифа ҳисобланади.
Ҳозирда Гарри Кейн барча мусобақаларни ҳисобга олганда 58 та гол билан Роберт Левандовскининг 55 та голлик рекордини аллақачон ортда қолдирган. Бироқ, Бундеслига доирасидаги 41 та голлик марра ҳали ҳам ўз эгасини кутмоқда.
Шахсий ютуқлардан ташқари, Гарри Кейн Бавария сафида совринлар ютишда давом этишни истайди. У жамоаси билан ички чемпионатда ғолибликни қўлга киритган бўлса-да, эндиликда ДФБ-Покал финалида Стуттгарт устидан ғалаба қозониб, мавсумни муваффақиятли якунлашни режалаштирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!