Абдуқодир Ҳусановнинг ўсиши катта эътироф ва янги вазифалар олдида

“Манчестер Сити” сафида ўзини тобора ишончли намоён қилаётган Абдуқодир Ҳусанов бугун жаҳон футболида эътибор марказига чиқиб бормоқда. Қисқа вақт ичида Европанинг энг талабчан чемпионатларидан бирига мослашиш, “Сити”дек кучли клубда асосий ҳимоячилардан бирига айланиш ҳар қандай футболчи учун катта натижа ҳисобланади.
Профессионал фаолиятини 2022 йилда бошлаган ўзбекистонлик ҳимоячи бор-йўғи бир неча йил ичида катта ўсишга эришди. 2025/2026 йилги мавсум эса Абдуқодир учун ҳақиқий бурилиш нуқтаси бўлди. У “Манчестер Сити” билан Англия лигаси кубоги ва Англия кубогини қўлга киритиб, ушбу мамлакатда соврин ютган биринчи ўзбек футболчиси сифатида тарихга кирди.
Мавсум бошида кўпчилик Ҳусановни захирада рақобат қиладиган ёш ҳимоячи сифатида кўрган бўлса, вақт ўтиши билан у ҳимоя чизиғининг муҳим ва ишончли фигурасига айланди. Унинг тезлиги, шиддати, корпус билан ўйнаши, узоқ ва қисқа паслардаги аниқлиги, шунингдек, ўйинни ўқиш қобилияти мутахассислар томонидан юқори баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, ҳар қандай ўсиб бораётган футболчи каби Ҳусановнинг ҳам яна ишлаши керак бўлган жиҳатлари бор. Тунислик скаут ва футбол таҳлилчиси Муҳаммад Фатҳалли X ижтимоий тармоғида Абдуқодир ёзги машғулотларда эътибор қаратиши лозим бўлган нуқталар ҳақида фикр билдирди.
Унинг таъкидлашича, Ҳусанов ҳимояга қайтаётган пайтда баъзан тўпга ортиқча эътибор қаратади. Шу сабаб атрофдаги вазиятни кечроқ баҳолайди, хавфни тўлиқ кўра олмай қолади ва баъзан қарор қабул қилишда бироз кечикади.
“Балким, у ҳали ҳам бундай вазиятларни тузатиш учун жисмоний кучи ва тезкорлигига ҳаддан ташқари таянаётгандир?” — дея ёзди Муҳаммад Фатҳалли.
Бу танқид кескин эмас, аксинча, ўсиш учун берилган профессионал ишора сифатида қабул қилиниши мумкин. Чунки Абдуқодир ҳали 22 ёшда ва ҳимоячи учун энг муҳим бўлган тажриба, позиция танлаш, вазиятни олдиндан ҳис қилиш каби жиҳатлар йиллар давомида янада пишиб боради.
Эътиборлиси, “Манчестер Сити” мураббийлар штаби Ҳусановнинг ривожланиши устида жиддий иш олиб бораётгани майдонда ҳам сезилмоқда. Манчестерга келганидан бери унинг ўйинида аниқ ўзгаришлар кўзга ташланди. У тўп билан хотиржамроқ ҳаракат қиляпти, ҳужумни бошлашда фаолроқ қатнашяпти, олдинга чиқиш ва узоқ паслар беришда анча дадиллашди.
Кейинги учрашувларда Абдуқодирнинг ўзига бўлган ишончи ортгани ҳам яққол кўринмоқда. У фақат ҳимояда тўпни қайтариш билан чекланиб қолмаяпти, балки “Сити” ўйин тизимига мос равишда тўпни назорат қилиш, ҳужумни пастдан қуриш ва рақиб ярим майдонига пас етказишда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Жорий мавсумда Ҳусанов барча мусобақаларда 37 та ўйинда майдонга тушди. У ҳимоядаги ишончли ҳаракатлари билан ажралиб турди ва бутун мавсум давомида бор-йўғи икки марта сариқ карточка олди. Бу ҳам унинг эҳтиёткор, совуққон ва интизомли ҳимоячи эканини кўрсатади.
Қисқаси, Абдуқодир Ҳусанов катта футболда ўз йўлини ишонч билан давом эттирмоқда. У аллақачон эътирофга сазовор бўлди, аммо ҳали ўсиш учун жой кўп. Тезлик ва куч бор, энди янада кўпроқ позицион ақл ва вазиятни олдиндан ўқиш қўшилса, Ҳусанов “Сити” ҳимоясида янада катта даражага чиқиши мумкин. Бу энди потенциал эмас, реал жараён.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!