date

Нутқим фалокат бўлди: Пеп Гуардиола Манчестер Сити билан хайрлашув ҳақида

Nutqim falokat bo‘ldi: Pep Guardiola Manchester Siti bilan xayrlashuv haqida

Мавсум якунида Манчестер Сити бош мураббийлигидан кетишини эълон қилган Пеп Гуардиола ўз қарорини футболчиларга маълум қилиш жараёни қанчалик ҳаяжонли кечганини тан олди. Афсонавий каталониялик мутахассиснинг сўзларига кўра, кийим алмаштириш хонасидаги хайрлашув нутқи у кутгандек силлиқ кечмаган ва у ўзини жуда асабий ҳис қилган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

Манчестер Сити раҳбарияти Гуардиоланинг ўн йиллик муваффақиятли фаолиятини муносиб тақдирлаш мақсадида шимолий трибунага унинг номини бериш ва стадион ҳудудида ҳайкал ўрнатишга қарор қилди. Шунингдек, мураббий клуб билан бутунлай алоқани узмайди; у Ситй Футбол Груп тизимида глобал элчи сифатида фаолиятини давом эттириши бўйича келишувга эришилган.

Матбуот анжуманида Пеп Гуардиола ўз ҳис-туйғулари билан ўртоқлашди: "Мен ўзимни бахтли ва ғурурли ҳис қиляпман. Бу ҳаётимдаги энг унутилмас тажриба бўлди, акс ҳолда бу ерда 10 йил қолмаган бўлардим. Менга кўрсатилган меҳр ва муҳаббат учун чексиз миннатдорман. Якшанба куни майдонда барчани қучоқлаб, мухлисларим билан муносиб хайрлашмоқчиман".

Кийим алмаштириш хонасидаги ҳолат ҳақида гапирар экан, мураббий шундай деди: "Ўша нутқ ҳақиқий фалокат бўлди, мен ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ асабийлашдим. Футболчиларга бор гапни айтдим: болалигимдан бери мени бошқариб келган ўша иштиёқ ва энергия келажакда етишмаслигини ҳис қиляпман. Ўзимга ва менга ишонган клубга нисбатан ҳалол бўлишим керак эди".

Манчестер Сити якшанба куни Англия Премер-лигасининг сўнгги турида Астон Вилла жамоасини қабул қилади. Турнир жадвалида Арсенал жамоасидан кейин иккинчи ўринни нақд қилган "шаҳарликлар" ўз мураббийини ғалаба билан кузатишга ҳаракат қилади. Душанба куни эса клубнинг барча жамоалари иштирокида тантанали парад ўтказилиши режалаштирилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Нутқим фалокат бўлди: Пеп Гуардиола Манчестер Сити билан хайрлашув ҳақида