Фелипе Чавез Бундеслигадаги ижарадан сўнг Бавария таркибига қайтмоқда

Мюнхеннинг Бавария жамоаси тарбияланувчиси Фелипе Чавез Бундеслигадаги қисқа муддатли ижарадан сўнг яна ўз клуби ихтиёрига қайтадиган бўлди. Sky хабарига кўра, 1. ФК Кёлн клуби 19 ёшли ярим ҳимоячини тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланмасликка қарор қилди. Қишки трансфер ойнасининг сўнгги кунида Кёлн сафига қўшилган футболчи кутилганидек асосий таркибдан мустаҳкам ўрин эгаллай олмади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ваҳоланки, жорий йилнинг март ойида Абендзеитунг нашри 1. ФК Кёлн раҳбарияти перулик иқтидор эгасини доимий асосда олиб қолишни режалаштираётгани ҳақида ёзган эди. Клуб спорт директори Томас Кесслер ўшанда ёш иқтидорнинг ривожланиш йўли аниқ эканини ва уни босқичма-босқич Бундеслига даражасига олиб чиқиш ниятида эканликларини таъкидлаган эди. Бироқ жамоанинг турнир жадвалидаги оғир ҳолати ва мураббийлар алмашинуви бу режаларга ўз таъсирини ўтказди.
Фелипе Чавез Кёлн сафида жами 7 та учрашувда майдонга тушиб, бор-йўғи 96 дақиқа ҳаракат қилди. Унинг энг узоқ давом этган ўйини Унион Берлин билан баҳсга тўғри келди ва у ўшанда 28 дақиқа ўйнади. Мураббий Рене Вагнер ҳам ёш ярим ҳимоячига етарли даражада ишонч билдирмади. Шунга қарамай, Бавария раҳбарияти уни ҳамон катта салоҳиятга эга футболчи деб ҳисобламоқда.
Эслатиб ўтамиз, чап оёқда ҳаракат қилувчи ушбу футболчи январ ойида Венсан Компани қўл остида Бавария сафида дебют қилишга улгурган эди. Унинг мюнхенликлар билан амалдаги шартномаси 2027-йилга қадар мўлжалланган. Ҳозирча футболчи Бундеслигада гол ёки ассист қайд этмаган бўлса-да, мутахассислар унинг келажагига ижобий баҳо беришмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!