Боруссия Дортмунд икки трансфер нишонидан воз кечиши мумкин

Германиянинг Боруссия Дортмунд клуби ўзининг трансфер мақсадлари рўйхатида бўлган икки нафар иқтидорли футболчини сотиб олиш фикридан қайтиши кутилмоқда. Sky хабарига кўра, клуб раҳбарияти сўралаётган юқори нархлар туфайли музокараларни тўхтатишга яқин турибди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Гап КРК Генк аъзоси Константинос Каретсас ва Расинг Страсбоург вакили Диего Мореира ҳақида бормоқда. Белгия клуби 18 ёшли Каретсас учун 35-40 миллион евро атрофида маблағ талаб қилмоқда. Боруссия Дортмунд эса бундай ёшдаги ўйинчи учун бундай катта миқдордаги пулни тўлашни ўта хатарли деб ҳисобламоқда.
Диего Мореира масаласида эса нафақат молиявий жиҳатлар, балки тактик мос келмаслик муаммоси ҳам мавжуд. 21 ёшли вингер асосан ҳужумнинг чап ва ўнг қанотларида ҳаракат қилади. Бу эса бош мураббий Нико Ковак қўллаётган 3-4-3 тизимига тўлиқ мос келмайди.
Ҳозирга қадар Дортмунд жамоаси келаси мавсум учун учта янги ўйинчи билан шартнома имзолади. Булар РБ Салзбург клубидан тахминан 20 миллион еврога сотиб олинган марказий ҳимоячи Жоане Гадоу ҳамда истиқболли ёшлар Кауа Пратес ва Жустин Лерма ҳисобланади.
Шунингдек, жамоанинг асосий дарвозабони Грегор Кобел ҳозирча Швейцария терма жамоаси ихтиёрига йўл олмаслиги маълум бўлди. У маълум муддат клуб ихтиёрида қолади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!