Лейпцигда Кристал Пелас мухлисларига ҳужум қилинди

Конференциялар лигаси финали арафасида Лейпциг шаҳрида нохуш воқеа юз берди. Кристал Пелас ва Раё Валекано ўртасидаги ҳал қилувчи баҳсни кутаётган инглиз мухлисларига кутилмаганда бир гуруҳ ниқобли шахслар ҳужум қилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда қора кийимдаги гуруҳ бар ташқарисида тўпланган мухлисларга стуллар ва шиша идишлар билан зарба бергани акс этган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Те Телеграпҳ нашрининг хабар беришича, ҳужум қилганларнинг шахси ҳозирча расман тасдиқланмаган. Тахминларга кўра, булар Раё Валекано ультралари ёки маҳаллий Локомотив Лейпциг клуби тарафдорлари бўлиши мумкин. Германия полицияси тартибсизликларни тўхтатиш учун махсус экипировкада етиб келди ва 60 га яқин гумонланувчини қуршовга олди.
Кристал Пелас учун ушбу финал тарихий аҳамиятга эга. Ўтган мавсумда Англия кубогини қўлга киритган жамоа, UEFAнинг кўп клубли эгалик қоидаларига кўра Европа лигасидан четлатилган эди. Оливер Гласнер шогирдлари Конференциялар лигасида Зринжски Мостар, AEK Ларнака, Фиорентина ва Шахтёр Донецк каби жамоаларни мағлуб этиб, финалга қадар етиб келишди.
Агар Кристал Пелас ғалаба қозонса, Вест Хем ва Челси клубларидан кейин ушбу турнирда зафар қучган учинчи Англия жамоасига айланади. Шунингдек, бу ғалаба уларга келаси мавсум учун Европа лигаси йўлланмасини кафолатлайди. Ҳозирда шаҳарда хавфсизлик чоралари кучайтирилган ва полиция вазиятни назорат остига олган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!