Милан Никлас Фюллкругни сотиб олишдан воз кечди: ҳужумчига янги харидорлар бор

Германиялик ҳужумчи Никлас Фюллкруг фаолиятидаги омадсиз даврдан сўнг ўзига янги жамоа қидирмоқда. Милан клуби Сан Сиродаги ижара муддати давомида ўзини кўрсата олмаган футболчининг трансфер ҳуқуқини Вест Хем Унитеддан сотиб олмасликка қарор қилди. Sky Sports нашрининг хабар беришича, Милан 5 миллион евролик сотиб олиш бандидан фойдаланмоқчи эмас. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
33 ёшли ҳужумчининг Италиядаги фаолияти кутилганидек кечмади. Фюллкруг барча мусобақаларда 20 та ўйинда майдонга тушган бўлса-да, уларнинг фақат 3 тасини асосий таркибда бошлади. Умумий 647 дақиқа давомида у рақиблар дарвозасига бор-йўғи битта гол уришга муваффақ бўлди. Шу сабабли, Италия Серия А гранди ҳужум чизиғини кучайтириш учун бошқа вариантларни кўриб чиқмоқда.
Вест Хем Унитед ҳам тажрибали футболчини жамоада олиб қолиш ниятида эмас. Клуб Англия Премер-лигасидан тушиб кетгани сабабли молиявий қийинчиликларга дуч келган ва Фюллкругнинг юқори маошидан қутулмоқчи. Эслатиб ўтамиз, Лондон клуби 2024-йилда Боруссия Дортмунд жамоасига ушбу трансфер учун 27 миллион евро тўлаган эди, бироқ жароҳатлар сабабли у 30 дан ортиқ ўйинни ўтказиб юборди.
Ҳозирда ҳужумчига MLS клублари, шунингдек, Ла Лига ва Италия Серия А вакиллари қизиқиш билдирмоқда. Шунингдек, унинг собиқ жамоаси Вердер Бремен ҳам футболчини ортга қайтариш имкониятларини ўрганмоқда. Бунинг учун Фюллкруг ўзининг юқори маош талабларини сезиларли даражада камайтириши талаб этилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!