Леон Горецка “Бавария”дан 16 та соврин билан кетмоқда...

Мюнхеннинг “Бавария” клуби ярим ҳимоячиси Леон Горецка 2025/26 йилги мавсум якунида жамоани тарк этади. 31 ёшли хавбек немис гранди сафида саккиз йил давомида тўп суриб, клуб тарихида ўз ўрнини қолдирди.
“8 йил. 16 та унвон. Мерос. Ҳаммаси учун раҳмат, Леон. Сизнинг саёҳатингиз тарихимизнинг бир қисми бўлади”, — дейилади “Бавария” матбуот хизмати тарқатган хайрлашув баёнотида.
Горецка 2018 йил ёзида “Шальке”дан “Бавария”га келиб қўшилган эди. У Мюнхен клуби билан 7 марта Германия чемпиони бўлди, 3 марта Германия Кубоги ва 4 марта Германия Суперкубогини қўлга киритди. Шунингдек, Чемпионлар лигаси, УЕФА Суперкубоги ва ФИФА клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ҳам зафар қучди.
Леон Горецка “Бавария” сафида жами 312 та учрашувда майдонга тушди. Ушбу баҳсларда 51 та гол урди ва 53 та голли узатма амалга оширди. Ярим ҳимоячи жисмоний кучи, универсаллиги ва муҳим ўйинлардаги фойдали ҳаракатлари билан мухлислар ёдида қолади.
Қисқаси, Горецканинг “Бавария”даги даври якунланмоқда. 8 йил, 16 та соврин ва юзлаб ўйинлар — бу оддий статистика эмас, Мюнхенда қолдирилган катта из. Энди немис хавбеки фаолиятида янги саҳифа очишга тайёр.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!