Алан Шеарер: Роберто Мартинез Криштиано Роналдўни захирага олишга қўрқиши мумкин

Португалия терма жамоасининг 2026-йилги жаҳон чемпионатидаги иштироки фонида жамоа сардори Криштиано Роналдо ва бош мураббий Роберто Мартинез ўртасидаги муносабатлар яна диққат марказига чиқди. Англия футболи афсонаси Алан Шеарернинг фикрича, 41 ёшли ҳужумчининг жамоадаги нуфузи шунчалик юқорики, мураббий уни ҳатто ўйин давомида алмаштиришга ҳам ботина олмаслиги мумкин. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Шеарернинг таъкидлашича, Роналдонинг глобал миқёсдаги мақоми ва таъсири одатдаги футболчи ва мураббий ўртасидаги муносабатлар чегарасидан чиқиб кетган. Бу эса Шимолий Америкада ўтаётган турнирда Португалия терма жамоасининг тактик мослашувчанлигига жиддий зарар етказиши мумкин. Goal.com нашри хабарига кўра, собиқ ҳужумчи мураббийнинг авторитети борасида шубҳа билдирган.
Роналдонинг дахлсизлиги ва тактик муаммолар
Алан Шеарер Бетфаир нашрига берган интервюсида шундай дейди: “Роберто Мартинез Роналдони майдондан олишга рухсати борми ёки йўқми, мана шу асосий савол. Криштиано шунчалик қудратлики, агар у ҳар бир дақиқада майдонда бўла олмаслигини тушунишни истамаса, бу тизим ишламайди. У ҳар бир ўйинда асосий таркибда тушиши ва тўлиқ 90 дақиқа ўйнаши керак деб ҳисоблаётгани жамоа учун катта тўсиқдир”.Мутахассиснинг фикрича, Роналдонинг ҳозирги спорт формаси унинг дахлсиз мақомига мос келмаяпти. Португалия сардори терма жамоа либосида анча вақтдан бери гол ура олмаётгани ва ўзининг энг яхши ўйинларидан йироқлиги кузатувчиларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Айниқса, плей-офф босқичларида бундай ҳолат жамоанинг умумий натижасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Лионель Месси билан солиштириш
Шеарер Роналдонинг муваффақиятсиз ҳаракатларини унинг азалий рақиби Лионель Месси билан солиштирди. Аргентиналик юлдуз Жазоирга қарши баҳсда хет-трик қайд этиб, ўзининг юқори формасини намойиш этган бир пайтда, Роналдо майдонда асабий ва самарасиз ҳаракат қилмоқда. Бу ҳолат икки буюк футболчи ўртасидаги баҳсда тарозининг бир палласи Мессига оғишига сабаб бўлмоқда.“Лионель Месси ҳайратланарли даражада ўйнашда давом этмоқда. У ҳамон энг яхши формасида ва жамоаси у учун югуришга, унга тўп етказиб беришга тайёр. Роналдо эса Мессининг учта голини кўриб, эртаси куни ўзи ёмон ўйин кўрсатганидан қаттиқ тушкунликка тушгани аниқ. Унинг ичидан нималар ўтаётганини тасаввур қилиш қийин эмас”, — дея қўшимча қилди Шеарер.
Португалия терма жамоаси учун 2026-йилги мундиал нафақат чемпионлик учун кураш, балки афсонавий Роналдонинг даврини қандай якунлаш борасидаги мураккаб имтиҳонга айланмоқда. Роберто Мартинез ўз қарорларида қатъий тура оладими ёки Роналдонинг “қудрати” тактик ўзгаришлардан устун келадими, буни вақт кўрсатади.































Изоҳлар 0
…