00:31 / 25.05.2017
4 200

Фил Невилл: Ўзбекистоннинг биронта футболчисини танимайман, демак футболингиз унчалик ривожланмаган

Фил Невилл: Ўзбекистоннинг биронта футболчисини танимайман, демак футболингиз унчалик ривожланмаган
Бугунги ўйин ўтадиган "Френдс Арена" стадионининг медиа-марказида кўплаб журналистларни учратиш мумкин.

Улар орасида бир пайтлар таниқли футболчи бўлиб, кейинчалик шарҳловчилик соҳасига ўтиб кетган машҳур инсонлар ҳам бор.

Шулардан бири "қизил иблислар"нинг афсонавий собиқ футболчиси Фил Невиллдир. Яхши биласиз, у бир пайтлар "Манчестер Юнайтед" шарафини ҳимоя қилган.

Мен "МЮ" афсонаси билан кўришдим ва бирга тушлик қилдим. Кетар чоғида UFF.uz сайти учун қисқа эксклюзив интервью беришини сўрадим.

Суҳбатдошим бажонидир саволларимга жавоб қайтарди.

- Мистер Невилл, яхшимисиз? Сизни бу ерда кўриб туриб дарҳол бир нарса хаёлимдан ўтди: экспертлик қиляпсизми ёки шунчаки ишқибоз сифатида келдизми?
- Унисиям бунисиям. Қандай қилиб ўз жамоамнинг муҳим ўйинини ўтказиб юборишим мумкин? (кулиб) Лекин, асосан бу ерда хизмат юзасиданман. BBC агентлиги учун таҳлилчи сифатида келганман. Насиб қилса, ўйинни шарҳлаб бораман.

- Сизнингча, бугунги ўйинда кимнинг имкониятлари юқорироқ?
- Тўрисини айтсам мен "Манчестер Юнайтед"нинг кичик ҳисобдаги ғалабасини тахмин қиляпман. Нима қилиб бўлса ҳам ишни қўшимча бўлимларга қолдириш керак эмас.

Акс ҳолда, одатда бунақа пайт иккинчи рақам остида ҳаракат қилаётган жамоалар руҳий устунликка эга бўлиб қолишади. Агар иш пенальтиларгача бориб тақалса, кимда ким руҳий барқарор бўлса ўша ғалаба қозонади. Шундай экан, менимча имкониятлар деярли тенг.

- Яқинда Манчестер шаҳрида террорчилик ҳаракатлари содир этилди. Бу сизга қандай таъсир ўтказди?
- Аслида мен ватанимда қолишим ва у ердаги жабрланувчиларга ёрдам кўрсатишим керак эди. Аммо, имкон қадар ўз ёрдамимни аямадим.

Манчестердаги Қироллик боғчасида жабрланувчиларга ва навбатчи ходимларга овқат танқислиги сезилди. Дарҳор ўз қарамоғимда бўлган меҳмонхонага қўнироқ қилиб, егулик борасида ёрдам кўрсатдик. Ҳозир ҳам қалбимнинг бир жойи Манчестер шаҳри билан боғланиб турибди. Бугунги футбол юракка сиғмаяпти десам ҳам бўлади.

- Келинг, ҳаммаси яхши бўлишига умид қилайлик. "Манчестер Юнайтед"нинг трансфер сиёсатини қандай баҳолайсиз ва келаётган мавсумга кимларни харид қилган бўлардингиз?
- Нима десам экан? Албатта клуб раҳбарлари меёрни билиб ва маблағларни оқилона ишлатишса мақсадга мувофиқ бўларди. Кўриб турибмизки, айрим сотиб олинган футболчилар ишончни оқлай олишмади ва уларнинг келажаги савол остида турибди.

Ёзги трансферлар мавсумига келсак: менимча Де Хеани таркибда сақлаб қолиш керак ёки унинг ўрнига камида Донарумма сингари дарвозабонни олиб келиш керак. Мен "Ювентус"дан яхши бир ҳимоячи ҳам сотиб олган бўлардим.

Ўз навбатида ҳужум чизиғини Гризманн ёки Мората сингари футболчилар билан тўлдиришни хоҳлардим. Рэшфорд ва Марсялни албатта олиб қолиш керак деб ҳисоблайман.

- Фил, сўнгги саволим. Мен Тошкентдан келганман. Ўзбекистон футболи ёки футболчилари ҳақида эшитганмисиз? Умуман Осиё футболи ҳақида нима дея оласиз?
- Осиёда футбол ўсяпти. Тез орада қитъангиз Африкага етиб олади. БУнга шубҳам йўқ. Мана, "Тоттенхэм" ва "Лестер"да осиёлик моҳир футболчиларни кўриш мумкин.

Афсуски, Ўзбекистон футболи ҳақида бирон нарса дея олмайман. Футболчиларингизни деярли танимайман ҳам. Кўнглингизга яқин олманг-ку, аммо футболингиз ривожланган бўлганда балки ўзбек футболчисини ҳам танирмидим?!

Термангиз ҳали катта мусобақаларда иштирок этмаган бўлса керак. Шунинг учун бу мавзуда аниқ гап айта олмайман. Умид қиламан, ҳали Ўзбекистон ўзининг дунёга таниқли футболчиларни етиштириб чиқаради. Сизлар учун ҳаммаси олдинда. Фақат футболингизни ривожлантирсангиз бўлди.

- Мистер Невилл, катта раҳмат! "Манчестер"га омад тилайман.
- Раҳмат!

Санъат Шарипов суҳбатлашди
Стокгольм, Швеция

Манба: www.uff.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Фил Невилл: Ўзбекистоннинг биронта футболчисини танимайман, демак футболингиз унчалик ривожланмаган