Джамал Мусиаланинг соғлиғи бўйича шифокорлар хулосаси эълон қилинди

Джамал Мусиалага неврологик дисфунксия туфайли вақтинчалик ҳушсизлик ҳолатлари ташхиси қўйилган. Эссен университети касалхонаси неврология бўлими бошлиғи профессор Кристоф Клайншниц бу ҳолат эпилептик тутқаноқ ёки абанс-епилепсия шакли бўлиши мумкинлигини айтди. Мутахассисларнинг фикрича, узоқ муддатли терапия ва тўғри даволаниш билан футболчи профессионал фаолиятини давом эттира олади.
Бавария яримҳимоячиси Джамал Мусиаланинг майдонда ҳушини йўқотиши футбол оламида жиддий хавотирларни келтириб чиқарди. Тўрт кун ичида иккинчи марта содир бўлган бундай ҳолатдан кейин етакчи тиббиёт мутахассислари футболчининг соғлиғи ва унинг ташхиси юзасидан ўз хулосаларини билдиришди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
БИЛД нашри хабар қилишича, Мюнхен клубининг Ҳайденҳаймга қарши ўртоқлик учрашувида 23 ёшли футболчи яна ҳушидан кетган. Бунгача РБ Лейптзиг жамоасига қарши баҳсда ҳам шундай қўрқинчли ҳолат кузатилган эди. Майдонда тиббий ёрдам кўрсатилгач, яримҳимоячи майдонни тарк этишга мажбур бўлган.
Тиббий ташхис ва неврологик хулосалар
Бавария спорт директори Макс Эберл клуб вазиятдан тўлиқ хабардор эканлигини ва футболчига зарур ёрдам кўрсатилаётганини тасдиқлади. Кейинчалик Джамал Мусиаланинг ўзи баёнот бериб, унга неврологик дисфункция туфайли вақтинчалик ҳушсизлик ҳолатлари ташхиси қўйилганини маълум қилди.Немис нашри Эссен университети касалхонаси неврология бўлими бошлиғи, профессор Кристоф Клайншнитс билан боғланиб, мазкур вазиятга профессионал баҳо олди. Мутахассиснинг фикрича, бу неврологик нуқтаи назардан эпилептик тутқаноқ ёки абанс-эпилепсия шакли бўлиши мумкин, чунки қисқа муддатли жавоб қайтармаслик аломатлари шунга мос келади.
Футболчининг келажаги ва даволаниш жараёни
Профессор Клайншнитснинг таъкидлашича, ушбу ҳолатни даволаш мумкин, аммо узоқ муддатли терапияни талаб қилади. Шифокорларнинг фикрича, тўғри ёндашув билан футболчи ўз профессионал фаолиятини давом эттира олади ва бу ҳолат унинг карьерасига якун ясашига сабаб бўлмайди.Мазкур соғлиқдаги муаммо футболчининг фаолиятидаги оғир жароҳатлар даврига тўғри келмоқда. Эслатиб ўтамиз, Мусиала Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Пари Сен-Жермен жамоасига қарши баҳсда фибула суягини синдириб олиб, тўпиқ қисмидан оғир жароҳат орттирганди ва 2025-26 йилги мавсумнинг муҳим қисмини ўтказиб юборган эди.
Ҳозирги вақтда футболчининг асосий вазифаси ортопедик жароҳатлардан сўнг тўлиқ тикланиш билан бирга, янги аниқланган неврологик ҳолатни бошқаришдан иборат. Мутахассислар эса тўғри даволаниш курси туфайли футболчи тез орада ўзининг энг яхши спорт формасига қайтишига ишонч билдиришмоқда.






























Изоҳлар 0
…