12:03 / 29.08.2017
4 096

«Бабаянни қўллайман»

«Бабаянни қўллайман»
Ким билади, терма жамоамиз ва мураббийни энг кўп танқид қилганлардан бири мендирман. Лекин минг аччиқ гапирмай, аламда ёнмай, яхши натижаларга умид қилганимдан гапирганман, ёзганман.

Ҳозир ҳам тиззам титрамоқда, ахир қаршимизда мундиал эшиги кўриниб турибди.

Мен термамизни ва Бабаянни қўллайман!

Чунки менинг бошқа термам ва бошқа бош мураббийим йўқ! Ватанимдаги қора кўзлар яхшими ёмонми айнан шуларга кўз тикмоқда. Шундай экан, аввал нима деган бўлсак узр, ҳаммасини унутинг.

Энди фақат олға интилинг йигитлар! Ким сизларни танқид қилган бўлса, хижолат қилиб қўйинг. Ҳаммамиз тилимизни тишлаб қолайлик. Икки ўйинда икки ғалабани қўлга киритинг, Россияга йўл олсангиз ўша йўлнинг ҳар икки томони бўйлаб бутун масофага етгулик мухлисларингиз бор. Буёқдан борадиганлар кам бўлса, Россиядаги ватандошларимизнинг ўзи ҳар қандай Бразилияю, Германиялик мухлисларни эсанкиратиб қўйишга қодирлар.

Ҳамма сизга боғлиқ, азизларим!

Ҳеч қайси касб эгаси сиз каби бутун миллатни хурсанд қилишга қодир эмас! Ғалаба қилинг ва ўзбекни орзусига етказинг, армонини ушатинг. Футбол шуниси билан қудратли. Сиз ана шу қудратдан куч олинг ва рақиблар билан шердек курашинг.

Эсингиздами, бир йил муқаддам ютуққа эришгандингиз ва киритилган ғалаба голини кўкка қўл чўзганча биринчи президентимизга бағишлагандингиз. Биринчи президентимизга сизларни мундиалда кўриш насиб қилмади. Эртаю кеч тинмаётган юртбошимиз ҳам жаҳон чемпионати аҳамиятини яхши тушунишига шубҳа йўқ. Шундай экан сизларнинг ғалабангиз бутун халқимизни жипслаштиради, кўтаринки руҳ бағишлайди, қўшалоқ байрамларга муносиб туҳфа бўлади.

Биз сизларга ишонамиз, ғалабангизни кутиб қоламиз!

Аброр Зоҳидов.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Бабаянни қўллайман»