ЖЧ саралаши доирасида Ўзбекистон ва Жанубий Корея терма жамоалари ўртасида кечган ўйиннинг аҳамияти ҳар икки жамоа учун ҳам жуда муҳим эди. Мусобақа жадвалида юзага келган вазият шундай эдики, Ўзбекистон ҳам, Жанубий Корея ҳам қолиб, Сурия терма жамоаси иккинчи ўрин билан мундиал йўлланмасини қўлга киритиб кетиши ҳеч гап эмасди. Шу боис ҳар икки жамоа ҳам фақат ғалаба учун майдонга тушиши тайин эди. Муаммо шундаки, бундай вақтда ғолиб номи аниқланмай қолиши ҳам мумкин.
ТАРКИБ
Самвел Бабаян Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувига ўтгандан буён бир масалада жуда кўп танқид остида қолди - таркиб. Бу борада журналистлар ва мухлислар нималар дейишмади, дейсиз. Аммо Бабаян ҳар доим ўз билганидан қолмади. Жаҳон чемпионати саралаши доирасида ўтказилган сўнгги ўйинда ҳам ўз анъанасига содиқ қолди ва олдиндан кутилган футболчиларни майдонга туширди.
Дарвозабон масаласи ҳайтовур охирги икки ўйинда ўзгарди - Игнатий Нестеров майдонга тушди. Аммо ҳимояда яна Хитой чемпионатида захирада қолиб кетаётган Егор Кримец ўйнаган бўлса, ҳужумда 12 учрашувдан буён гол ура олмай келаётган Игорь Сергеев тўп сурди. Яна бир ўзгариш - Сервер Жепаров ўнг қанотга ўтказилди. Юртимизда терма жамоа шарафини ҳимоя қилиши мумкин бўлган бир талай футболчилар қолиб, айнан шу ўйинчилар майдонга тушавериши охирги вақтларда ҳеч кимни ажаблантирмай қўйган. Демак натижа ҳам шунга яраша бўлиши тайин.
БИРИНЧИ БЎЛИМ
Аввалига ҳаммаси яхши бошланган эди. Ўзбекистон терма жамоаси кутилмаганда илк дақиқалардан ташаббусни ўз қўлига олди ва ҳужум кетидан ҳужум ташкил эта бошлади. Ҳали ўйин бошланмай туриб Одил Аҳмедов жамоадошларини йиғиб олиб, уларга нималарнидир астойдил тушунтирганини кўрдик. Жамоа сардори улкан ҳиссиёт билан гапираётгани ҳатто трибунадан ҳам кўриниб турганди. Одил шунингдек, Игорь Сергеевга ҳам нималарнидир алоҳида уқтирди. Аммо қани энди бу уқтиришлардан бирор наф бўлса. Хал-қимизда «Қозонда бори чўмичга чиқади», деган гап бор. Бўлмаса-чи?
Сўнгги ўйинда ҳар қандай гап-сўзлар иккинчи планга ўтиб, футболчилар бор куч билан ўйнаши кутилган эди. Биринчи бўлим бу умидларни қайсидир маънода оқлаб берди. Илк хавфли ҳужум ҳам айнан Ўзбекистон терма жамоаси томонидан амалга оширилди. Даврон Ҳошимов бу сафар қўпол ўйини эмас, балки ўнг қанотдан олдинга ўтиб боргани билан ёдда қолди ва жарима майдончаси томон тўпни етказиб берди. Афсуски, бу оширма аниқ чиқмади. Бироз вақт ўтиб Азиз Ҳайдаровнинг узоқдан йўллаган зарбаси эса бўлимнинг энг кульминацион нуқталаридан бири бўлди.
Жанубий Корея кучли ҳужумлар остида эсанкираб қолганини ҳар доим ҳам кўравермайсиз. Биринчи бўлим ўрталарида айнан шундай ҳолатга гувоҳ бўлдик. Кореяликлар ҳимоядан чиқиб кетишда муаммоларга дуч келишди ва тўпни олдириб қўяверишди. Афсуски, терма жамоамиз бу устунликдан фойдалана олмади ва ҳисоб очилмай қолди. Бўлимнинг сўнгги дақиқаларига келиб эса вазият тубдан ўзгариб кетди.
Энди биз ҳисоб очилмай қолганидан хафа эмас, хурсанд бўлдик. Чунки «Тоттенхэм» ҳужумчиси Сон Хюн Мин сал қолса гол уриши мумкин эди. Бир қарашда у қадар хавфли бўлмаган вазиятда тўп йўқотилди ва Виталий Денисовнинг ноўнғай ҳаракати оқибатида кореялик ҳужумчи қулай вазиятга чиқиб кетди. Бахтимизга Сон Хюн Миннинг жуда кучли зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтди.
Бу биринчи бўлимдаги сўнгги хавфли вазият эди ва жамоалар танаффусга 0:0 ҳисобида чиқиб кетишди.
ИККИНЧИ БЎЛИМ
Учрашувнинг иккинчи қисми бошланиши олдидан бир хавотир бор эди - Ўзбекистон терма жамоаси Сеулда ўтган ўйиннинг биринчи бўлимида ҳам устунлик қилган ва ҳатто Жанубий Корея дарвозасига гол уришнинг ҳам уддасидан чиққанди. Аммо иккинчи бўлимда барча устунлик бой берилган ва якунда 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраганди. Жавоб ўйинида ҳам терма жамоамиз устунлик қилиб турди ва иккинчи бўлимда яна аввалги ҳолат такрорланишидан чўчиб тургандик.
Аммо бу хавотирга терс ўлароқ, Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи бўлимни ҳам жуда фаол бошлади. Яна аввалгидек кетма-кет ҳужумлар ташкил этила бошланди. Аммо бу ҳужумлар якуний зарбага қадар етиб бормади. Шундай вазиятда Самвел Бабаян захира ўзгаришларини амалга оширишга қарор қилди. Сервер Жепаров ўрнига 55-дақиқада Сардор Рашидов майдонга туширилди, 58-дақиқада Игорь Сергеевнинг ўрнини Александр Гейнрих эгаллади.
Бу вақтга келиб Жанубий Корея терма жамоаси бироз ўзига келиб олганди ва 59-дақиқада кореяликлар жуда хавфли ҳужумни амалга оширишди. Жарима майдончаси ёнида жуда тиғиз вазиятда олдинга ўтиб борган рақиб футболчилари якуний зарбани ҳам йўллашди. Бахтимизга бу зарба анча ноаниқ чиқди.
Шундан сўнг ташаббус рақиб томонига ўтди. Жанубий Корея терма жамоасида амалга оширилган ҳар бир ўзгариш самара келтирган бўлса, бизнинг оғиркарвон Александр Гейнрих деярли ҳеч нарса қила олгани йўқ. Сардор Рашидов эса афтидан ҳали Хитой таомлари таъсиридан қутулмаган, шекилли. Захирадан майдонга тушган яна бир футболчи - Жалолиддин Машариповга эса ўзини кўрсатиш учун вақт етмай қолди.
Шу тариқа учрашувда ҳисоб очилмай қолди. Бу эса Сурия терма жамоасига қўл келди. Сурияликлар Эронга қарши кечган ўйиннинг қўшиб берилган дақиқаларида гол уришди ва 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаб, гуруҳда учинчи ўринни қўлга киритишди.
Бўлди. Шу билан навбатдаги тўрт йиллик босқични ҳам якунлаб бердик. Одатдагидек якунладик. Натижасиз...
Манба: interfutbol.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар