16:40 / 16.09.2017
3 322

Ўзбек футболи қачон «одам» бўлади?

Ўзбек футболи қачон «одам» бўлади?
Футболга қизиқмайман, деб айта олмайман. Вақт бўлганида, ёки вақтлироқ кўрсатилса, Англия ва Испания чемпионатларини кўриш жону дилим. Ўзбекистон чемпионати ўйинларини кўрмай қўйганимга анча бўлган. 90-йилларда Ўзбекистон кубоги мусобақасининг финалида Қўқоннинг «Темирйўлчи» ва Фарғонанинг «Нефтчи» жамоалари куч синашадиган бўлди. Мен ўшанда қўқонликлар мураббийи билан суҳбатда бўлдим. «Агар бизга ҳокимият мукофот пулларини қилиб бермаса, биз ўйинни ютқазиб берамиз» деб очиқ айтган гапларидан кейин Ўзбекистон чемпионати ва Кубоги ўйинларидан ҳафсалам пир бўлган. Шундан кейин ҳам бот-бот Ўзбекистон чемпионати ўйинларида келишилган ўйинлар борлиги ҳақида ҳамма жойда, ҳатто оммавий ахборот воситаларида ҳам таъкидланиб турилади.

Лекин, бирор марта шу пайтгача, бирор ўйин таҳлили бўйича кимдир жавобгарликка тортилгани, ҳатто бу масала масъулиятли орган, яъни Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан жиддий тарзда кўриб чиқилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Қачонлиги эсимда йўқку, бир куни Ахбор Имомхўжаев ўғилларидан бирининг жонли эфирда олиб борган «Футбол шарҳи» кўрсатувини кўриб қолдим. Кўрсатув меҳмонига, бир пайтлар Ҳиндистон терма жамоасига мураббийлик қилган, менимча айни пайтда ФИФА услубчиси бўлиб ишловчи Ислом Аҳмедовга «Нега Ўзбекистонга келиб бирор бир жамоага мураббийлик қилмайсиз?» деб савол беришди.

Шунда Ислом Аҳмедов «Бугугунги кунда Ўзбекистондаги жамоаларда қайси футболчи ўйнашини футболга алоқаси йўқ мансабдор кишилар ҳал этмоқда, мен бундай шароитда Ўзбекистонда ишлай олмайман», деб жавоб бергани эсимда. Менимча ҳозирги кунда ҳам шундай саволга таниқли футбол мутахассиси яна худди ўшандай жавоб қайтарса керак. Ўзбекистон терма жамоаси эса мамлакатимиз футболининг кўзгуси, унинг ўйинларига қараб мамлакат футболининг қай аҳволда эканлигини билиб олиш мумкин.

Айтмоқчи бўлганим, терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионати финал ўйинларига бора олмаслиги бошдан бош маълум эди. Хитой ва Корея жамоалари билан бўладиган ўйинлардан аввал жамоа ўйинини, унинг тренери Бабаяннинг нотўғри тактика танлаб ўйинга мутлақо яроқсиз бўлган Сергеев, Лобанов каби «ўйинчиларни» майдонга тушираётгани, уларни туширишдан мураббийнинг асосий мақсади уларни бирор бир хорижий клубга пуллаш эканлигини роса ёзишди. Терма жамоани Жаҳон чемпионати ўйинларида кўришнинг ягона усули жамоа мураббийини зудлик билан алмаштирилиши эканлигини роса таъкидлашди.

Футболимизга мутасадди катталар бу чиқишларга заррача ҳам эътибор қилмадилар. Бабаян бечора мухбирлардан хорижга қочди. Федерация катталари жонли матбуот анжуманига ҳеч нарсага масъул бўлмаган мутасаддиларни жўнатишди. Ўшандаёқ навбатдаги чемпионат ўзбек футболчиларисиз ўтиши аниқ бўлиб бўлганди, менимча. Ишқибозлар ишқибоз эканда, яна умид қилишди. Хитой ва Кореяни мағлубиятга учрата олса Бабаянга бундан кейин ҳам «чидайверамиз» дейишгача боришди. Бироқ... Мўъжиза рўй бермади. Ўша футбол, ўша ўйинчилар, ўша тактика, ўша баҳоналар...

Тўғриси, ўйинчиларимизнинг майдондаги аҳволларини кўриб раҳмим келди. Ўйин бошиданоқ уларнинг кўзидаги қурқув ва хавотирликдан, ҳаракатларидаги мажолсизликдан учрашув тақдири аниқ эди. Ва кутилганидек натижа бўлди. Биласизми, ўйиндан сўнг айрим ўйинчиларнинг йиғиси ҳам сохтадек туюлди менга. Ярашмаган йиғи эди бу. Бир пайтлар қўшни синфга баскетбол ўйнаб ютқазганимизда, роса йиғлаганмиз. Ҳеч кимдан уялмай йиғлаганмиз. Бизни ҳатто рақибларимиз ҳам юпата бошлашган. Сабаби ўша йиғимиз ҳақиқий йиғи эди, роса жон бериб ўйналган ўйин мағлубиятидан кейинги алам кўз ёшлари эди. Футболчиларимиз эса ўзбек жамоатчилигидан қўрқиб йиғлашгандек туюлди, менга. Қолаверса, шу ўйин билан Россияга бориб йиғлагандан кўра, ҳозир йиғлаб олган ҳам маъқулроқ ўзи.

Мағлубиятдан сўнг ижтимоий тармоқларда мураббий ва ўйинчиларимизни, федерация раҳбарларини «роса дўппосладик». Энди кўзимизни очиб ишимизни, хусусан, мамлакатимизда футболни ривожлантириш масалаларини тўғри йўлга қўяйлик, ҳамма нарса шаффоф ва аниқ бўлсин, янаям қолаверса, Федерация раҳбарияти ва бош мураббий ҳисобот беришсин, деб аюҳаннос солдик. Оқибати нима бўлди? Яқинда бўлиб ўтган ҳисобот ва сайлов анжумани совет даврларида бўлгани каби намунали тарзда, биргина номзод билан ўтказилди. Эътиборлиси, мамлакатда ҳатто мамлакат Президенти сайловлари муқобиллик асосида ўтказилган бўлсада, Футбол Федерацияси раҳбари шундай тайинланиб қўяқолинди.

Мамлакатимиз Футбол уюшмаси жамиятимиздан айро ҳолда, ўз хоҳишига кўра ишлаш ва қарорлар қабул қилишни ўзига эп кўра оладиган ташкилот эканлигини яна бир бор исботлади. Эскилар ҳеч қандай ваъда бўлмаганини, ҳамма нарса муваффақиятли ва яхшилигини гапириб, янгиларга журналистларнинг танқидларига бефарқ бўлмасликни тавсия этишди. Шу билан ўзбек футболининг яқин 15 йиллик тарихига «шонли» якун ясалди. Демак, ҳаммаси тўғри бўлган. Ҳаммаси шундай бўлиши керак эди. Ва энг қўрқинчлиси, ҳаммаси шундай бўлиб қолиши ҳам мумкин. Ачинарлиси, журналистларимиз ҳам воқеликни шундай қабул қилишди. Яна жимлик. Эртага ҳеч нарса бўлмагандек, яна бўм – бўш стадиондаги «Тошкент дербиси» ҳақида ёзиб кетаверамиз.

Шунинг учун ҳам терма жамоамиз мағлубиятидан унчалик ҳам хафа бўлмадим. Шундай саралаш шундай якун топишини билардим. Хафа бўлган жойим, саралашдан тўғри хулоса чиқармаганимиз. Англия премьер-лигасида энг охирги ўринни олган жамоа ҳам катта молиявий мукофот олар экан. Улар футболни ҳақиқий бизнесга айлантиришди. Ҳалол ўйинлар, ҳалол раҳбарлик, ҳалол муносабат принциплари ҳамма фойда оладиган, муҳими, футболдан ҳамма завқ оладиган тизимни яратди. Футбол ўйини у ерда ҳақиқий байрам. Бизда эса, бу ўйин фақат айрим футбол функционерларигагина байрам. Фақатгина айримлар учун молиявий завқ олиб келяпти. Футбол ишқибозларига эса фақат дард ва алам. Роналду, Месси, Мбаппеларнинг сотув нархидан бошлаб, оладиган ойлиги, оила аъзолари, тўлаган ёки тўламаган солиқларигача яхши биламиз. Ўзбек футболчилари ўқитувчи ва шифокорларимиздан қанча кўп олаётганларини эса билмаймиз ёхуд ёза олмаймиз.

Ўзбек футболида ҳам ҳақиқий ошкоралик бўлса, чала демократиядан воз кечилса, таниш билишчилик ва коррупцияга барҳам берилса, ишончим комил, нафақат Осиё, балки Европа ва Жанубий Америка жамоаларини ҳам мағлубиятга учрата оладиган потенциалимиз бор. Федерациянинг янги раҳбариятидан ҳам шундай ўзгаришларни кутиб қоламиз. Зеро, ишонч,муҳаббат сўнганидан кейин ҳам умид яшайвераркан.

Бурхон Шерматов, футбол мухлиси

Манба: kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбек футболи қачон «одам» бўлади?