23:00 / 22.12.2017
3 238

Матёқуб Матчонов: Миллий терма жамоамиз жаҳонда ўз ўрнига эга бўлишини истаймиз

Матёқуб Матчонов: Миллий терма жамоамиз жаҳонда ўз ўрнига эга бўлишини истаймиз
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, эл ардоқлаган санъаткор, ўзбек театр ва кино санъатида ўзининг ёрқин ва бетакрор роллари билан ўчмас из қолдира олган инсон Матёқуб Матчонов “UzReport TV” телеканали мухбири билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида миллионлар ўйини бўлмиш футбол хақида қуйидаги фикларни билдириб ўтди:

«Футбол азал-азалдан халқ ўйини ҳисобланиб, ёшу қари ушбу спорт турини жуда ҳам яхши кўради, севади. Шу қаторда мен ҳам футболни жудаям яхши кўраман. Айниқса, ўзимизнинг ўзбек футболини ашаддий шинавандасиман десам ҳам бўлади. Миллий футболимиз жаҳонда ўз ўрнига эга бўлишини, янада юқори чўққиларни забт этишини ҳар бир футбол мухлиси сингари жуда ҳам хоҳлайман. Шу ўринда мени жуда ҳам хурсанд қилган нарсага тўхталиб ўтмоқчи эдим. Хабарингиз бор, Ўзбекистон футбол федерациясига ҳозирда янги раҳбарлар, ёш мутахассислар, хуллас янги жамоа йиғилиб, бир қатор ислоҳотларни амалга оширишмоқда, долзарб ўзгаришлар қилинмоқда.

Ўзбекистонимиз мустақилликка эришганига 26 йил бўлган бўлса, шу вақт ичида футболимизнинг олдинги мавқеи қайсидир маънода йўқолиб қолгандек туюлмоқда. Мустақилликдан олдинги даврда Ўзбекистоннинг миллий терма жамоаси бўлмаганлиги сабабли барчамиз “Пахтакор” жамоасига мухлислик қилганмиз. Мустақилликнининг дастлабки даврларида футболимиз оз-моз муваффақитга эришган бўлса-да, вақт ўтиб футболимизда орқага кетиш кўзга ташланди.

Ўзбекистон Футбол футбол федерациясига Умид Аҳмаджоновнинг раҳбар этиб тайинланиши мени жуда хам хурсанд қилди. Чунки Умид Аҳмаджонов Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган, спортчи бўлишни ўз кўнглига мақсад қилиб туккан ёшлардан ўз ёрдамини аямайдиган, уларга иқтидорини намоён қилиши учун имконият яратиб бера оладиган ажойиб инсон. Умид Аҳмаджоновни Паралимпия қўмитасида ишлаган пайтларидан яхши биламан. Паралимпия жамоамиз қатнашган Осиё чемпионатига улар билан бирга бориб мухлислик қилган эдим. Ўша жамоадаги 22 нафар спортчи 28та медалга эга чиққан эди. Адашмасам шулардан 18 таси олтин медаллар бўлган. Унинг бу хизматларини қўрқмасдан қаҳрамонлик деб айта оламан. Рио-де-Жанейродаги мусобақада ҳам Умиджоннинг қўл остидаги йигитлар умумжамоа ҳисобида 6- ўринни қўлга киритган эди. Бу ишлар футболимизга ҳозир мана шундай жонкуяр, фидокор, жафокаш ўз юртига, халқига хизматини аямайдиган инсон раҳбар бўлганидан далолат беради.

Олий лигамиз жамоалари 16 тадан 12 тага туширилди. Бунинг ортида қандай маъно кўриш мумкин? Энди бундан буёғига салмоқ эмас, сифат олдинга чиқади. Клубларимизда футболчиларнинг соғлом рақобати кучайиб, терма жамоамизга ҳам иқтидорли ва жонкуяр спортчилар кўпроқ етишиб чиқа бошлайди. Мен футбол мутахассиси бўлмасамда, бу инсоннинг амалга ошираётган ислоҳотларини тўғри деб ҳисоблаб, тўлиқ қўллаб қувватлайман. Ўзимнинг санъатим орқали футболимизга қандайдир фойдам тегса, бундан фақат хурсанд бўламан.

Хоҳлардимки, футболчиларимиз жаҳон футболи ареналарида ўз юзига эга бўлса, ўзининг сўзини айта олса. Ўзбекона футболни бутун дунёга намойиш қилса. Футболимизнинг янги раҳбари бу ишларни амалга ошира олишига иймоним комил. Бу ўзгаришлар бежизга бўлаётгани йўқ. Эътибор берган бўлсангиз олдинги раҳбарлар миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқади деб ваъда бермаган эди. Ёш мутахассисларимиз эса аксинча дастлабки кунларданоқ ўз олдиларига аниқ мақсадларни қўйиб, терма жамоамиз жаҳон чемпионатига фақат иштирок учун эмас, балки ўз ўрнига эга бўлган жамоа сифатида чиқишига, мухлислар кўнглидан жой ола биладиган жамоа яратишга ҳаракат қилишмоқда.

Мени қувонтирган яна бир жиҳат шундан иборатки, Умид Аҳмаджоновнинг қўл остида йиғилган ёш мутахассислар мамлакатимиз раҳбарининг ёшларимиз учун яратган имкониятларга “лаббай” деб жавоб бериб, дадил олдинга интилишмоқда. Бутун футбол мухлисларимиздан федерациямизнинг ушбу профессионал мутахассислар жамоасини, раҳбарини қўллаб қувватлашларини сўрардим. Ишонаман, булар ўз айтган сўзининг устидан чиқа оладиган инсонлар. Бу инсонларга амалга ошираётган ишларида фақат муваффақиятлар тилайман.

Яна бир ҳолатга тўхталиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Охирги пайтларда мамлакатимизда малакали футбол мураббийлари етишмаётгани сабабли чет эллик мураббийлар таклиф қилинибди. Бу ҳолат нафақат ёшлар футболининг ривожланишига ҳисса қўшади, балки мураббийларни ҳам ўз устиларида кўпроқ ишлашга, улар билан рақобат қилишга ундайди. Бор кучни, бор урғуни ёшларга берар эканмиз, бу албатта футболимиз ривожига хизмат қилмай қўймайди. Чет элдан болалар билан ишлайдиган мутахассислар олиб келиниши олдинлари кузатилмаганидан хабардорсиз. Шу ишнинг ўзи ҳам болалар футболига катта эътибор қаратилаётганидан далолат эмасми?

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, федерациямизда янги раҳбарлар иш бошлаганидан сўнг, шаффофлик кўзга ташлана бошлади. Масалан ФИФА ажратаётган маблағлардан тортиб, барча харажатлар нимага сарфланяпти, қаерга кетяпти, ҳаммаси хақида мухлисларимизга тўхтовсиз маълумотлар бериб борилмоқда. Мутахассисларимиз олдинлари турли давлатларга бориб келишарди, лекин сабаби оммага маълум қилинмасди. Ҳозир-чи, Кореага борадими, Японияга борадими, ёки Малайзия-ю Германияга борадими, мақсадлар аниқ айтиляпти, ҳисоботлари бериляпти. Бу мухлисларда қайтадан футболга бўлган ишончни қайтармоқда, эртанги кунга янги умидлар уйғотмоқда.

Мен ишонаман, биздан ҳам эртага албатта Мессилар, Роналдолар етишиб чиқади", - дейди Матёқуб Матчонов.

Манба: www.uzreport.news

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Матёқуб Матчонов: Миллий терма жамоамиз жаҳонда ўз ўрнига эга бўлишини истаймиз