11:30 / 05.02.2018
3 247

Фойдасиз валжирашлар… Ёки кейинги бекат — виждон

Фойдасиз валжирашлар… Ёки кейинги бекат — виждон
Фалсафа сўқимоқчи эмасман. Гап футбол ҳақида. Футболдаги энг оғриқли нуқтамиз тўғрисида! Бу нуқта борган сари йириклашиб катта, яхлит қора доғга айланди. Айланаяпти.

Коинотдаги қора туйнуклар ҳақида эшитганмисиз? Дунёнинг мана-ман деган олимидан «Самодаги энг даҳшатли ҳодиса нима?» — деб сўрасангиз, оладиган жавобингиз шундай бўлади: «Бу — қора туйнуклар. Улар — қазоси етиб ботиб кетган, ғойиб бўлган, йўқолган юлдузларнинг жойлари, сўнгги манзилидир».

Фазодаги мудҳиш физик ҳодиса менга ўзбек футболининг бугунги аянчли кўринишини эслатади. Масалан, агар келишилган ўйинларни — «қора туйнук» деб тасаввур қиладиган бўлсак, у бир неча йиллардан бери мухлисларнинг орзу-умидларини, бахтиқаро истеъдодларни, футболдаги шавқу-шиддатни уч бошли аждарҳодек ўз комига тортиб келаяпти….

Қани, бизда, Ўзбекистонда ўша ҳайвонсифат махлуқ билан курашиб кўрингчи? Оғиз жуфтласангиз, тилингизни юлиб олади. Мабодо, юрак ютиб битта бошини кесиб ташласангиз, ўрнига янгиси ўсиб чиқади. Фойдаси йўқ. Охири, ҳафсалангиз пир бўлиб, яратгандан инсоф сўраб қўя қоласиз. «Ҳар кимнинг ўз виждони ёки жиғилдонига ҳавола», — дейсиз камида. Қайда, аждарҳода виждон не қилсин!?

Пахтакор-Металлург (келишилган) ўйини атрофида жуда кўп гапирилди. Ғинг десангиз, исбот сўрайдиганлар ҳам учрашувнинг ўта дидсизлик билан саҳналаштирилганини эгилибгина эътироф этди. Битта-иккита «темирчи» хўжакўрсинга жазоланди ҳам.

Аммо, «пахтакорчи»ларнинг ҳам гирибонидан олиниши тўғрисидаги «баландпарвоз» дўқ-пўписалар, кейинчалик «йиғлоқи» гўдакни бир муддат овозини ўчириш учун қилинганлиги сезилиб қолди. Хуллас, футболдаги «катта»лар келишганлар билан «келишиб кетди».

Кейинчалик журналистларнинг юқоридаги «жазолаш ваъдаси» ҳақида «катталар»га бот-бот эслатиши ҳеч нарсани ўзгартирмади. Ҳеч кимнинг виждони қийналмади.

Бир бўлиб ўтган воқеани сизларга сўзлаб бермоқчиман. 2012 йилда Жанубий Кореялик футболчи Ли Гюн Хван бутун умрга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилади. Сабаби — келишилган ўйинларда иштирок этгани эди. Бутун мамлакат олдида юзи қора бўлган Ли шармандаликка чидай олмайди ва ўзини осмонўпар бинодан ташлашга қарор қилади…

Умуман, ушбу мамлакатда келишилган ўйинларга қарши кураш кампанияси давомида шунга ўхшаш аянчли ҳодисалар яна икки-уч такрорланди. Бу билан кимгадир ўлим тилаш ниятим йўқ. Фақат, ушбу мамлакатда келишилган ўйинларга федерация, жамоатчилик, оддий халқ ва футболчиларнинг муносабатини кўрсатмоқчиман, холос.

Аввало, виждон уйғоқ бўлсин!
Ўткир Қаламтебратар

Манба: fayzbog.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Фойдасиз валжирашлар… Ёки кейинги бекат — виждон