14:21 / 19.03.2018
3 918

Суперлигада илк истеъфо рўй берди

Суперлигада илк истеъфо рўй берди
Навоийда Ўзбекистон Суперлигаси 3-тури доирасида «Қизилқум» ва «Насаф» жамоалари ўртасида кечган ва меҳмонлар жамоасининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган ўйиндан кейин мезбонлар жамоаси бош мураббийи Ҳамиджон Актамов истеъфо берди. У ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжумани вақтида шу ҳақда эълон қилган.

«Ўйин бўйича рақибга ютқазмадик, деб ўйлайман. Шунчаки омадимиз келмади. Биринчи бўлимда, ҳисоб 0:0 пайтида иккита қулай вазият голга айланмади. Яхши ўйнаб ютқаздик. Йигитларга эътирозим йўқ. Бугун бош мураббий сифатида охирги ўйинни ўтказдим.

Бу футбол, омад ва омадсизлик ёнма-ён туради. Қўлимдан келганича жамоани юқорига кўтаришга интилдим. Буни тушунган, тушунади. Бир кишига ҳамма ишни бажариш қийинчилик туғдирар экан.

Афсуски, ҳозирча чет элдан тажрибали мураббий таклиф этишга имкониятимиз йўқ. Шу боис бундан буён жамоада Юрий Павлович Лукин бош мураббийликни давом эттиради. Илгари ҳеч қачон мавсумни бу қадар ёмон бошламагандик.

Аммо ҳар қандай қийинчиликниям охири бўлади. Футболчиларга қўлдан келганча барча имкониятларни яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Мавсум энди бошланди. Ўйлайманки, аста-секин яхши натижаларни ҳам қўлга кирита бошлаймиз», дея мураббийнинг сўзларини келтирган клуб расмий сайти.

Ҳамиджон Актамов кўп йиллардан буён клуб тузилмасида фаолият кўрсатиб келган. У айни вақтда ҳам клуб тизимида қолган-қолмаганига аниқлик киритилмаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Суперлигада илк истеъфо рўй берди