10:53 / 22.05.2018
3 579

ЖЧ-2018. «Бой қирғоқ» болалари ёхуд Коста-Рика терма жамоаси билан танишинг (фото)

ЖЧ-2018. «Бой қирғоқ» болалари ёхуд Коста-Рика терма жамоаси билан танишинг (фото)
Россия ўтадиган жаҳон чемпионатига бошланишига саноқли кунлар қолмоқда. Биз ушбу турнирда иштирок этадиган терма жамоалар билан таништиришда давом этамиз. Бугун Коста-Рика термаси ҳақидаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Коста-Рика терма жамоаси

Лақаби: «Los Ticos» (шиналар)
Конфедерация: КОНФАКАФ
Бош мураббий: Оскар Рамирес
Жамоа сардори: Брайан Руис
Энг кўп ўйин ўтказган: Вальтер Сентено (137)
Тўпурар: Александр Кержаков (30)
ФИФА рейтинги: 25 ўрин (17 май ҳолати)
Либос ранги: Қизил-кўк
Илк расмий ўйин: Сальвадор – 7:0 (1921)
Энг йирик ғалабаси: Пуэрто-Рико – 12:0 (1946)
Энг йирик мағлубияти: Мексика – 7:0 (1975)
ЖЧдаги энг яхши натижаси: Чорак финал (2014)
КОНКАКАФдаги энг яхши натижаси: Чемпион (1963, 1969, 1989)

Терма жамоанинг қисқача тарихи

Коста-Рика Шимолий-марказий Американинг кучли жамолари сирасига киради. Ушбу мамлакат терма жамоаси бу йили бешинчи бор жаҳон чемпионатида қатнашади (1990, 2002, 2006, 2014, 2018). 1990 йилги дебют мундиалида Коста-Рика 1/8 финалга қадар етиб борди ва 2002 йилдан буён мунтазам ЖЧ иштирокчиси бўлиб келмоқда.

Ўша йилги ЖЧ-2002 гуруҳ босқичида Коста-Рика бўлажак чемпион (Бразилия) ва бронза медали соҳибига (Туркия) имкониятни бой бериб гуруҳда учинчи ўринда қолиб кетганди.

Уларнинг энг яхши натижаси шубҳасиз ўтган сафарги ЖЧ-2014 мусобақаси ҳисобланади. Бу сафар ҳам «Los Ticos» энг кучли гуруҳга тушиб қолди, улар Италия, Англия ва Уругвай термаларига қарши ўйнашлари керак эди. Барча аутсайдер санаётган Коста-Рика 2-турдаёқ гуруҳ босқичи масаласини ҳал қилиб улгурди. 1/8 финалда Греция термаси пенальтилар сериясида таслим қилинди. Бироқ ¼ финалда голландлар билан тенгма-тенг ўйнаган Коста-Рика футбол лотореясида имкониятни бой бериб қўйди.

Етакчилари

Кейлор Навас
Коста-Рика мундиалга ўз тарихида илк бор таркибида жаҳон даражасидаги юлдуз билан йўл олмоқда. Навас ЖЧ-2014да уч бор ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилиб, мусобақанинг ҳақиқий сенсациясига айланганди. Шундан сўнг, «Леванте»дан «Реал»га йўл олди ва «Қироллик клуби»нинг алмаштириб бўлмас посбонига айланди. Айни дамда Кейлор терма жамоада ҳақиқий етакчи бўлиб турибди ва ўтган галги натижани яхшилаш учун жамоасини олға бошлайди.

Брайан Руис
«Спортинг» клубининг 32 ёшли ҳужумчиси Брайан Руис Коста-Рика жамоасининг ҳақиқий етакчиси ва тўпурари ҳисобланади. ЖЧ-2014да Наваснинг севйлари қатори Руиснинг муҳим голлари ҳам «Los Ticos»нинг муваффақиятларига сабабчи бўлган.

Мавсум бошида футболчи ўз фаолиятини Хитой ёки МЛСда давом эттириши мумкин эди, аммо ўйинчи терма жамоа манфаатларини устун қўйди ва лиссабонликлар сафида яна бир мавсум қолишга қарор қилди. Катта эҳтимол билан ушбу мундиал жамоа ветерани учун охиргиси бўлади.

Устунлик ва камчиликлари

Коста-Рика иккинчи рақамда ҳаракат қиладиган жамоалар ичида энг хавфлиси десак адашмаган бўламиз. Уларнинг ҳимояга асосланган ўйин услублари ҳар қандай жамоани қийинчиликка солиб қўяди.

Камчиликларига келадиган бўлсак, юқорида санаб ўтилган етакчиларсиз Коста-Рика анча заифлашиб қолади. Бунга Навассиз ўтган ўртоқлик ўйинлари яққол мисол бўла олади, ўтган йилнинг ноябр ойида бўлиб ўтган ўйинда шимолий америкаликлар Испаниянинг иккинчи таркибига 0:5 ҳисобида имкониятни бой беришганди.

ЖЧ-2018 саралаши ва турнирдаги рақиблари тўғрисида

ЖЧ-2018 саралашининг сўнгги босқичи Коста-Рика учун омадли бошланди, сафарда Тринидад ва Тобагони таслим қилган (2:0) жамоа иккинчи турда АҚШни йирик ҳисобда енгди (4:0). Коста-Рика мундиал йўлланмасини бир тур олдин ҳал қилиб улгурди ва сўнгги турда кейинчалик АҚШни ортда қолдириб кетган Панамага “ёрдам ” бериб юборди.

Россия майдонларида коста-рикаликлар Бразилия, Швейцария ва Сербияга қарши баҳс олиб борадилар. Одатдагидек, Коста-Рикага яна қийин гуруҳ дуч келиб қолди. Бу турнирда Коста-Рикага икки карра қийин бўлади, чунки бу сафар ҳеч қайси жамоа уларга аутсайдер сифатида қарамайди ва уларга қарши ўзгача мотивация билан майдонга чиқади.

Коста-Рика гуруҳ босқичидаги илк ўйинини Сербияга қарши ўтказади. Бу ўйин ушбу терма жамоалар ўртасидаги илк баҳсга айланади. Кейинги терма жамоа Бразилия эса «Los Ticos» учун энг ноқулай рақиб ҳисобланади. Швейцарияга қарши Коста-Рика икки марта ўртоқлик ўйини ўтказган холос.

Оскар Рамирес шогирдларининг гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал қилиш ўз қўлларида, гуруҳда яққол фаворит бўлсада, қолган уч жамоа деярли тенг имкониятга эга.

ЖЧ-2018 заявкаси

Оскар Рамирес шогирдлари қуйидаги таркибда Россияга йўл оладилар:

Дарвозабонлар: Кейлор Навас («Реал»), Парик Пембертон («Алахуэленсе»), Леонель Морейра («Эредиано»).

Ҳимоячилар: Кристиан Гамбоа («Селтик»), Ян Смит («Норчепинг»), Рональд Матаррита («Нью-Йорк Сити»), Брайан Овьедо («Сандерленд»), Оскар Дуарте («Эспаньол»), Жанкарло Гонсалес («Болонья»), Франсиско Кальво («Миннесота Юнайтед»), Кендалл Уостон («Ванкувер Уайткэпс»), Жонни Акоста («Агилас»).

Ярим ҳимоячилар: Давид Гусман («Портленд Тимберз»), Ельцин Техеда («Лозанна»), Сельсо Борхес («Депортиво»), Рэндалл Асофейфа («Эредиано»), Родни Уоллес («Нью-Йорк Сити»), Кристиан Боланьос («Саприсса»), Хоан Венегас («Саприсса»).

Ҳужумчилар: Брайан Руис («Спортинг»), Даниэль Колиндрес («Саприсса»), Хоэль Кэмпбелл («Бетис»), Маркос Уренья («Лос-Анжелес»).

Манба: www.uff.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ЖЧ-2018. «Бой қирғоқ» болалари ёхуд Коста-Рика терма жамоаси билан танишинг (фото)